Қуйи палатанинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбари Иброҳим Эргашевнинг “Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонуни ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 мартдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда карантиндаги зарарли организмлар Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишни таъминлаш, ўсимлик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ахборотда қайд этилишича, жорий йилнинг 8 ойи давомида Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жами 4,8 миллион м3 зарарсизлантириш ҳамда 5,7 миллион м2 ҳажмда нам ишлов бериш ишлари олиб борилган. Шунингдек, хорижий мамлакатлардан юртимизга уруғ ва ўсимликларнинг кўчатларини олиб келишда карантин рухсатномаси 19 минг 211 донаси импорт учун ва 1 минг 670 донаси транзит учун расмийлаштирилган. Давлатимизга хориждан жами 2,4 миллион тонна юклар олиб келиниб, карантин назоратидан ўтказилган.
Юртимиздан чет мамлакатларга экспорт қилинган карантин остидаги юклар жами 1,4 миллион тоннани ташкил қилиб, экспорт қилинган юкларга 114,1 минг дона халқаро жаҳон андозаларидаги фитосанитар сертификатлари берилган. Шу билан бирга, республика бўйича жами 67 минг 405 дона ички фитосанитар сертификати белгиланган тартибда расмийлаштириб берилди.
Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбари ички ва ташқи фитосанитар назоратни амалга оширишдаги мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди.
– Фитосанитар дала назоратини амалга ошириш фақат текшириш орқали амалга оширилиши ўсимликлар карантини давлат инспекторлари фаолиятида қийинчилик туғдириб, шошилинч чоралар кўрилишига тўсқинлик қилмоқда, – деди Иброҳим Эргашев. – Кейинги муаммо Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жарима миқдорларининг камлиги жисмоний ва юридик шахслар томонидан ушбу ҳуқуқбузарликларнинг қайта-қайта содир этилишига ҳамда мазкур ҳуқуқбузарликлар сонининг ортишига сабаб бўлмоқда.
4 миллион гектар ер майдонида дала назоратини ўтказишимиз лозим эди. Лекин пандемия ва бошқа турли сабаблар билан дала назоратининг мониторинги тўлиқ ўтказилмади. Инспекторлар тўғридан-тўғри дала назоратини ўрнатишида чекловлар мавжуд.
Ҳозирги пайтда зарарланган организмлар жуда кўпайиб кетди. Маҳсулотларнинг экспортбоплиги тушиб бормоқда. Зараркунандаларга қарши курашиш тўғри белгиланмаганлиги натижасида ҳосилдорлик кўрсаткичи тушган.
2020 йилнинг ўтган 8 ойида маҳсулотларимиз экспортга чиқарилганда кўплаб давлатлардан эътирозлар келди. Хорижий давлатларга экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари импортёр давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлигини таъминлашда юзага келаётган муаммолар оқибатида жами 2019 йилда 77 та нотификация келган булса, 2020 йилда бу кўрсаткич 112 тани ташкил этди.
Агарда махсус гувоҳномаси бўлмаса Ўсимликлар карантини давлат инспекторлари дала назоратини ўтаказа олмайди. Бу сафар 30 фоиз инспектор аккредитациядан ўта олмади. Чунки саволлар жуда мураккаб тузилган. Ўша саволларга айрим юристлар ҳам жавоб беролмаяпти. Инспекторлар Тошкент давлат аграр университетининг карантин, ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналишларини тамомлаган. Уларга соҳага оид саволлар бериш керак.
Аккредитациядан ўтолмаган инспекторларга махсус гувоҳнома берилмайди, улар дала назоратини ўтказиши мумкин эмас. Уларни ишдан бўшатишга ҳаққим йўқ. Ўша инспекторлар 6 ой давомида маош олади, лекин ишламайди. Қайсидир ҳудудда инспектор ишламаслиги оқибатида муаммолар келиб чиқмоқда. Инспекторларни Бизнес-омбудсман томонидан ҳар ойда ўқитиш керак. Бунинг устига ўсимликлар карантини давлат инспекторларининг ўртача маоши 1 миллион 800 минг сўмдан 2 миллион сўмгача. Бу жуда кам. Чунки улар иш фаолиятида бир неча юз километр масофа босиб ўтиб дала назоратини ўтказишига тўғри келади.
Ўзбекистоннинг битта маҳсулотини хорижга эспорт қилиш учун бир неча ой, ҳатто йиллаб музокара қилишга тўғри келади. Инспекция томонидан 19 та ноанъанавий давлатга 78 турдаги маҳсулотни экспорт қилишга эришилди. Улар биздан боғларнинг, қадоқлаш цехларининг рўйхатини сўрашмоқда. Ўсимликлар карантини давлат инспектори камида уч марта ўша боғга бориб дала назоратини амалга оширганлигини тасдиқловчи далолатномани ҳам талаб қилишади. Қандай ҳашорат чиқди, унга қарши қандай дори сепилди, натижаси қандай бўлди ҳаммасининг ҳисоботи сўралади.
Афсуски, Жанубий Корея юртимизда етиштирилган қовунни 4 йилдан буён ўз ҳудудига киритмаяпти. Қовунга тушадиган ҳашорат республиканинг қайси ҳудудларида бор, бизга харитасини беринглар деяпти. Унга қарши курашишда кўрилган чоралар бўйича ҳисобот сўрашяпти. Қовунни ҳашоратсиз тоза ҳудуддан юборганимизни исботлаб беришимизни талаб қилишади.
Эшитувда депутатлар соҳада эришилган ютуқлар билан бирга тизимда учраётган муаммоларга ҳам эътибор қаратди. Хусусан, халқ вакиллари таъкидлаганидек, маҳсулотларни етиштиришда заруркунанда ва касалликларга қарши сифатсиз кураш олиб борилаётгани, дала ва боғларга агроном мутахассисларининг жалб қилинмаётгани, маҳсулотларни экспорт қилишда махсус саралаб колибрлаш, қадоқлаш ва маркировкалаш технологияларидан ўтмаганлиги, ҳали-ҳануз эскича тизимда, яъни зарарланган ёғоч яшикларга юклаб тўғридан-тўғри экспортга юборилиши эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Тадбирда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси раҳбари соҳада учраётган муаммоларнинг олдини олишда олиб борилаётган ишлар бўйича ҳам маълумотлар берди.
Депутатлар тизимда кўрсатилаётган хизматларнинг сифатини ошириш мақсадида хорижий давлатларнинг соҳадаги тажрибасини юртимизнинг ҳудудларида жорий қилиш, даладан экспортгача бўлган занжирда кодлашган тизимини жорий қилиш, махсус қадоқлаш цехлари орқали маҳсулотларни тайёрлаш бўйича ўзларининг таклифларини ҳам бериб ўтдилар. Эшитувда муҳокама этилган масала юзасидан қўмита ва инспекциянинг ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари белгилаб олинди ва қўмитанинг таклиф ва тавсиялари акс этган тегишли қарори қабул қилинди.