Мамлакатимизда бугунги кунга 3 миллион 777 минг 631 нафар пенсия ва нафақа олувчи бор.
Аҳолининг 11 фоизи давлат пенсия таъминоти билан таъминланган. Пенсия жамғармасининг “11-40”- ишонч телефонига кун давомида юздан ортиқ фуқаро савол, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилади. Бу пенсия таъминоти жамият учун ҳамиша қизиқарли ва долзарб соҳаларнинг бири эканини англатади.
Мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирда фуқаролар Пенсия жамғармасининг ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳар бўлимларига ташрифидан кўра, телефон орқали ёки электрон шаклда мурожаат қилиши мақсадга мувофиқ.
Шу кунга қадар фуқаролардан электрон мурожаатлар Жамғарманинг электрон почтаси – pension_uz@pfca.mf.uz орқали қабул қилиниб келинаётган бўлса, эндиликда мурожаат қилишнинг янада қулай имкони яратилди. Яъни, Жамғарманинг телеграм канали – t.me/PensionFundRUz га аъзо бўлиб, каналнинг муҳокама (Обсудить ёки Discuss) қисмига ўтилиб, гуруҳ орқали саволларни йўллаш мумкин. Ҳар бир саволга мутахассислар томонидан ўз вақтида, иш кунлари давомида жавоб берилиши Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати томонидан назорат қилиб борилади.
Фуқаролар эса, саволларни йўллашда Ф.И.О, доимий яшаш манзили, алоқа учун телефон рақами, мурожаатнинг қисқача мазмунини ёзиши лозим.
Шунингдек, фуқароларнинг яшаш манзиллари бўйича ҳам ҳудудий каналлар жорий қилинган бўлиб, уларга келиб тушаётган саволларга ҳам мутахассислар томонидан жавоблар берилмоқда.
ЎзА