Ишчи гуруҳ теримчиларга яратилган шароитлар билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумандаги бир қатор фермер хўжаликлари пахта далаларида бўлиб, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда ўрганиш ишларини олиб борди.
Мамлакатимизнинг энг шимолий минтақаси бўлган Қорақалпоғистон Республикасида бу йилги пахта ҳосили учун 86 минг 291 гектар майдонда ғўза парваришланиб, шундан 196 минг тонна пахта хом-ашёсини етиштириш режалаштирилган. Пахтадан мўл ҳосил олиш учун барча шароитлар яратилиб, зарур бўлган моддий ресурслар тайёрланган.
Амударё туманида ҳозирги пайтда йиғим-терим ишлари уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда. Туманда 2020 йил ҳосили учун 362 та фермер хўжалиги ҳамда қишлоқ хўжалиги корхонаси томонидан 15 минг 250 гектар майдондан 34 минг 900 тонна пахта хом-ашёси етиштириб бериш бўйича пахта тўқимачилик кластери “Амударётех” хорижий корхонаси масъулияти чекланган жамияти ўртасида контрактация шартномаси тузилди.
Мавсумга пухта тайёргарлик кўриш ва қисқа муддатларда амалга ошириш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Туманда 290 та терим отряди ташкил қилиниб, жами 23 минг 266 нафар теримчи, шундан 9 минг 283 нафар фермер хўжалиги ишчиси ва 13 минг 983 нафар уюшмаган аҳоли шартнома асосида теримга жалб қилинди. Бугунги кунга 14 та фермер хўжалиги шартномавий режани бажарди.
Мавсум давомида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишда мутасадди ташкилотлар устидан қатъий назоратни таъминлаш бўйича ташкил қилинган Республика ишчи гуруҳи томонидан фермерлар, кластерлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, унинг қуйи тузилмалари ҳамда хусусий бандлик агентликларидан бошқа ташкилотларни пахта йиғим-терими мавсумига теримчиларни жалб қилиш ишларига аралашувига йўл қўймаслик, мажбурий меҳнат ҳолатларига бутунлай барҳам бериш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Корхона, ташкилотлар ўз ходимларини уюшган ҳолда пахта йиғим-терими ишларига жалб қилиш амалиётини тўлиқ бекор қилиш, пахта йиғим-терими ишларига Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа вазирлиги ходимлари, ҳарбий хизматчилар ва академия курсантларини умуман жалб этмаслик кабиларга алоҳида эътибор қаратилиши кераклиги айтиб ўтилди.
Шунингдек, мутасаддилар ўрганиш жараёнида теримчилар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномаларининг имзоланганлиги, теримчиларни терим ҳақини оширган ҳолда рағбатлантириш чораларининг кўрилганлиги, бунда ҳукумат қарори билан белгиланган терим суммасига кластерлар ва фермерларнинг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, қўшимча рағбатлантириш ишлари ташкил этилганлиги билан танишди. Терим пулларининг ўз вақтида, даромад солиғи олинмасдан, бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисобланмаган ҳолда тарқатилаётганлиги ўрганилди.
–Кунига ҳар биримиз 150-180 килограммдан пахта теряпмиз, –дейди тумандаги «Қурбанғали Бешбаев» фермер хўжалиги далаларида пахта тераётган опа-сингил Шарофат ва Адолат Қурбоновалар. –Терим бошланмасдан олдин фермер хўжалиги билан шартнома тузганмиз. Бу бизлар учун қўшимча имкониятлар яратади. Ҳар икки кунда терган пахталаримизнинг пулларини олиб турибмиз. Пандемия шароитида бу оиламиз учун қўшимча даромат манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, туманда бу йилги пахта терими учун теримчиларга 40 миллиард сўм маблағ тарқатиш режалаштирилган. Республика ишчи гуруҳи тумандаги корхона ва ташкилотларда ходимлардан ўрнига теримчи жалб қилиш учун пул йиғиш ишларига йўл қўйилмаётганлигини, пандемия шароитида йиғим-терим ишларини санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда ташкил этьилганини, бошқа ҳудудлардан келиб теримда иштирок этаётган теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитлари яратилганлигини қатъий назоратга олди.
photo_2020-09-23_17-51-34.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА