Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасида бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва ходимларга “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини топшириш маросими бӱлди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 26 августдаги “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан глобал пандемия ҳамда турли табиий офат ва фавқулодда ҳолатларга қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, дўстлик ва тотувлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этаётган, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан барчага ўрнак бўлаётган юртдошларимизни мазкур кўкрак нишони билан мукофотлаш белгиланган эди. Жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармасида ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ҳам фидойилик кӱсатди. Улардан 18 нафари кўкрак нишонга муносиб деб топилди.
–Белгиланган вазифаларни бажаришдаги хизматимиз юксак баҳоланиб, кўкрак нишони билан мукофотланганимдан хурсандман, – дейди Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Айнура Жақсибоева. – Бу тинчлик ва осойишталикни сақлашдек шарафли вазифани сидқидилдан бажариб келаётган жамоамизга берилган мукофот деб ҳисоблайман.
Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси, оддий аскар Ш.Халмурзаев ҳамда Қўриқлаш бошқармаси сафдор ходими М.Мамутовлар ўз хизмат вазифаларини ўташ вақтида ӱз жонига қасд қилаётган фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолди. Хизмат вазифасини бажариш вақтида кӱрсатган мардлиги учун улар Ўзбекистон “VETERAN” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан “Мардлик ва жасорати учун” медали билан тақдирланди.
Тадбирда кўкрак нишонлари тантанади равишда топширилди.
Маросим Миллий гвардия ҳарбий ходимларининг кӱргазмали чиқишлари ва санъат усталарининг концерт дастури билан якунланди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА