Ўзбекистон парламент делегацияси Тожикистонда

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов бошчилигидаги мамлакатимиз парламент делегацияси амалий ташриф билан Тожикистон Республикасида бўлиб турибди.

Мазкур ташриф 2019 йил октябрь ойида Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Тожикистон Республикаси Мажлиси Оли ўртасида имзоланган парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ ташкил этилди.Ташриф доирасида 21 сентябрь куни икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсати туфайли бугун мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар сифат жиҳатдан янги босқичга – стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди.Ўзбек ва тожик халқларини азалий дўстлик ва яхши қўшничилик, муштарак тарих, дин ва маданият, мустаҳкам маънавий ришталар бирлаштириб туради. Бугунги кунда ўзаро дўстона муносабатлар нафақат давлат раҳбарлари даражасида, балки икки томонлама шерикликнинг барча йўналишларида, жумладан, парламентлараро ҳамкорлик соҳасида ҳам жадал ривожланмоқда.Ўзбекистон парламенти делегацияси раҳбари мамлакатларимиз ўз тараққиётининг янги босқичида экани, дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар мавжудлигини қайд этди. Ушбу босқичнинг асосий хусусиятлари мамлакатлар раҳбарлари ташаббуси билан қабул қилинган чуқур ўйланган стратегик дастурий ҳужжатлар билан белгиланади.Жумладан, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Тожикистон Республикасини ривожлантириш Миллий стратегияси мамлакатларимизни дунёнинг жадал ривожланаётган давлатлари қаторидан муносиб жой эгаллашини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаган. Ҳар икки стратегия миллий ўзига хосликларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу мақсадларга инновацион иқтисодиётни барқарор ва самарали ривожлантириш асосида эришиш зарурлигидан келиб чиқади. Шу билан бирга, мамлакатларимизнинг стратегик дастурий ҳужжатларида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёни хавфсиз, барқарор ва яхши қўшничилик заминига айлантириш каби устувор мақсадлар акс этган.

Йиғилишда таъкидланганидек, ҳар икки мамлакат бугунги кунда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, халқларимиз фаровонлигини ошириш ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишнинг ишончли кафолатларини таъминлаш йўлидан изчил ва собит бормоқда.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Қонун чиқарувчи органлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида қўшма эксперт гуруҳлари тузиш, парламент тадқиқотларини ўзаро мувофиқлаштириш ва қонунчилик муаммоларини ўрганишни назарда тутувчи қоидаларни ўзида жамлаган “йўл харитаси”ни қабул қилиш юзасидан фикр алмашилди.

 

ЎзА