Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2021 йил учун таянч докторантура ва докторантурага қабул квоталари бўйича вазирлик ва ташкилотлардан 3 минг 728 ўринга буюртма қабул қилинган.
Молия вазирлиги, ўз навбатида, бюджет имкониятларини ҳисобга олган ҳолда 2021 йил учун жами 1 минг 800 та ўринга маблағ ажратилишини тасдиқлади. Шундан, фан соҳаси бўйича таянч докторантурага 365 та, докторантурага 64 та, таълим соҳаси йўналишида таянч докторантурага 1 минг 292 та, докторантурага 79 та ўрин ажратилди. Бу жами буюртма берилган квоталарнинг 48,2 фоизини ташкил этади.
Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисидаги Низомга мувофиқ, изланувчининг тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан қўшимча қабул квотасини шакллантириш мумкин.
ЎзА