Ўктам Барноев вафоти муносабати билан ҳамдардлик

Ўзбекистон давлат бошқарув тизими оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ўктам Исоевич Барноев оғир касалликдан сўнг шу йил 20 сентябрь куни 56 ёшида вафот этди.
Ўктам Барноев 1964 йил Бухоро вилояти Ромитон туманида туғилди. У 1986 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатиб, меҳнат фаолиятини Бухоро вилояти қурилиш корхоналарида бошлади, кейинчалик “Аму-Бухоро канал қурилиш” бошқармасида, вилоят Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасида ишлади. 2000-2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида масъул лавозимларда хизмат қилди.
2002-2007 йиллар мобайнида Вазирлар Маҳкамасида Қишлоқ ва сув хўжалиги, агросаноат масалалари бўйича етакчи мутахассисликдан департамент мудири лавозимигача бўлган вазифаларда фаолият кўрсатди.
Ў.Барноев 2007-2008 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлади. 2008-2010 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасига тайинланиб, ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.
У 2011-2016 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг “Ўзсувназорат” республика инспекцияси бошлиғи, “Ўзагрокимё” компанияси бошқаруви раиси лавозимларида самарали фаолият олиб борди.
Ў.Барноев 2016 йилда Бухоро вилояти ҳокими вазифасига тайинланиб, тўрт йил мобайнида мамлакатимизда иқтисодиёт тармоқларида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳудудда изчил амалга ошириш, вилоят аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, аграр тармоқни замонавий усуллар билан ривожлантириш, ҳудуддаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этишда ташаббускорлик билан ўзини аямасдан меҳнат қилди.
У 2020 йил февраль ойидан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди.
Ўктам Исоевич Барноев қаерда, қандай вазифада ишламасин, ўзининг билим ва тажрибаси, фидойилик билан бор салоҳиятини ва тажрибасини юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида сафарбар этди.
Айниқса, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тармоқ учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида ўзининг ташкилотчилик қобилиятини кенг намоён этди.
У икки марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси этиб сайланган эди.
Ў.Барноевнинг халқимиз олдидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У 2019 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони билан мукофотланган эди.
Таниқли давлат ва жамоат арбоби, камтарин, самимий ва фидойи инсон Ўктам Исоевич Барноевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева,
Н.Исмоилов, А.Арипов

 

ЎзА