Гриппга қарши кимларни эмлаш мумкин эмас?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаеванинг таъкидлашича, гриппга қарши вакцина бир йиллик бўлиб, у ҳар йили учраши мумкин бўлган грипп штаммларига қарши ишлаб чиқилади. 
Шу билан бирга, бу вакцина билан инсон организми айнан гриппнинг шу штаммларига қарши иммунитет ҳосил қилади. У ковид билан касалланган ва тузалган беморларни куз-қиш мавсумида гриппнинг келадиган штаммларидан маълум даражада ҳимоя қилади ёки касалликнинг енгил кечишини таъминлайди.
COVID-19 билан касалланиб тузалган беморларга гриппга қарши вакцина қилиш мумкин. Аммо ОИТС касаллигининг турли босқичларида, вакцина таркибидаги адъюванти, яъни вакцина ишлаб чиқилган асосий восита ва қўшимчаларга нисбатан аллергик ҳолати бор кишилар ва болаларда миянинг органик қисмида ўзгариш келтириб чиқарувчи неврологик касалликларнинг зўрайиб бориши даврида гриппга қарши эмлаш мумкин эмас.
Барча соматик касалликлар авж олиш даврида тана ҳароратининг 38° С дан юқори кўтарилиши, диарея, ич кетиш, қусиш, тутқаноқлар, қон босимини кўтарилиши ёки тушиши, кучли оғриқ синдромида ва ҳоказолар ўтиб кетганидан кейин шифокор кўригидан ўтиб, соғлом деб ташхис қўйилганида тиббиёт муассасасида шифокор-иммунолог, педиатр ёки терапевт назорати остида эмланиш керак.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА