Фракция раҳбари берунийлик фаол ёшлар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани фаол ёшлари билан учрашди.
O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, учрашувда туман ҳокими мутасаддилари, “Ёшлар парламенти” аъзолари, партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, эртанги порлоқ келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг иқтидорларини намоён қилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учрашувда мустақиллигимиз шарофати билан мамлакатимизда сўнгги уч йилда барча соҳаларда олиб борилган ўзгариш ва янгиланишлар, ёшларга қаратилаётган эътибор, «Ёшлар парламенти»га аъзо бўлган ёшларнинг келгуси режалари, муаммо ва таклифлари, ёшлар ҳаётига оид масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар тингланди.
Учрашувда Спикер ўринбосари сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, сиёсий жараёнларда уларнинг фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилиб келинаётганлигини, биргина жорий йилда «Ёшлар парламенти»нинг ташкил қилиниши ёшлар ҳаётидаги муҳим янгиликлардан бири бўлганлигини таъкидлаб ўтди. Суҳбат ва мулоқотлар чоғида ёшларнинг фикр ва таклифлари тингланди.
Учрашувда “Ёшлар парламенти” аъзолари Баҳтиёр Алипов ва Умрбек Жаббаров давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор, имконият ва шарт-шароитлар юқори даражада ташкил этилганлигини қайд этди. Парламентга аъзо бўлиш ёшларни ўз устида янада ишлашга, изланишга, сиёсий жараёнларда фаол бўлишга, билим ва кўникмани янада оширишга ундайди. Ёшлар ўзларига билдирилган ишончни албатта оқлашга ҳаракат қилишларини билдирди.
Фаол ёшлардан яна бири Сабира Султанова ҳам ёшларнинг ўзини-ўзи банд қилишда маҳалланинг ролини кучайтириш таклифи билан чиқди. Бу масала юзасидан тегишли ташкилотларга топшириқлар берилди ва таклиф инобатга олинди.
Учрашув давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олди.
photo_2020-09-20_12-39-25.jpg
photo_2020-09-20_12-39-26.jpg

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА