Бирлашган Араб Амирлигининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Пара-Осиё ўйинларида Ўзбекистон миллий паралимпия терма жамоаси 20 олтин, 6 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритди.
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, жисмоний имконияти чекланган ёшларнинг билим олиши, спорт билан шуғулланиши учун ҳам кенг шароит яратилмоқда. Натижада эса паралимпиячиларимиз нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, Ватанимиз шарафини янада юксалтирмоқда.
Ёшлар ўртасида ўтган навбатдаги Пара-Осиё ўйинларида қитъамизнинг 30 мамлакатидан келган 800 спортчи ўзаро баҳслашди.
Ўзбекистон Миллий паралимпия терма жамоаси аъзолари Акбар Янгибоев, Муҳаммад Абдураимов, Фотима Омилова турли масофаларга сузиш бўйича баҳсларда бешта олтин ва битта кумуш медални қўлга киритди.
Мусобақада пауэрлифтинг бўйича беллашган Шаҳзода Мамадалиева ўз вазн тоифасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлса, Нуриддин Менгзиёев кумуш, Муҳаммаджон Хўжахонов ва Аббосхон Раҳимжонов бронза медаль билан тақдирланди.
Енгил атлетиканинг ядро, диск, найза улоқтириш, турли масофаларга югуриш ва узунликка сакраш баҳсларида Бобуржон Омонов, Муҳаммад Рихсимов, Ёрқинбек Одилов, Дамир Пашаев, Розияхон Эргашева, Сабина Суханова, Асила Мирзаёрова 14 олтин ва 4 кумуш медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди.
– Пара-Осиё ўйинларида диск, найза ва ядро улоқтириш баҳсларида олтин медални қўлга киритганимдан хурсандман, – дейди Ё.Одилов. – Ушбу ғалабага эришишимда мураббийларим меҳнати, яқинларим ва халқимизнинг ишончи катта куч бағишлади. Ниятим нуфузли мусобақаларда доимо Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишдир.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида терма жамоамизни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали кутиб олди.