Жорий йилнинг 9 ойида хориж давлатларидан 1 минг 600 фуқаро Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келган. Расмий маълумотларга кўра, январь-сентябрь ойлари бўйича мамлакатимизда ўртача иш ҳақи миқдори 1 миллион 346 сўмни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14,2 фоизга кўп. Шу кунларда юртимизда 5 минг 400 дан зиёд чет эл капитали иштирокидаги корхона фаолият кўрсатмоқда.

Халқаро пресс-клуб сессиясида ислоҳотлар самараси кўзгуси – рақамлар Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси Б.Бегалов, иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев ва бошқа статистика соҳаси мутасаддилари томонидан атрофлича шарҳланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ халқаро стандартлар асосида фаолият юритаётган Давлат статистика қўмитаси халқимиз эришаётган ютуқ ва камчиликларни рақамлар таҳлилида ҳавола этиб боради. Пировардида, мақсад ва вазифаларимизни шунга мос белгилаймиз.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро ташкилотларнинг 17 саволномаси доимий тўлдириб борилади. Жумладан, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар билан статистика соҳасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Маълумки, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда асосан статистик маълумотларга таянилади. Бу маълумотлар қанчалик равшан ва аниқ бўлса, мутахассислар иқтисодиётда мавжуд муаммоларни таҳлил қилиб, унинг ечимларини топади.

– Бугунги кунда инфляция, яъни барча товар ва хизматларга бўлган нарх индексининг кўтарилиши билан боғлиқ жараён кўпчиликни қизиқтириши табиий, – деди иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари М.Мирзаев. – 2017 йилда инфляция даражаси 13-14 фоиз бўлиши кутилмоқда. Унинг ўсиш сабаблари нималардан иборат? Биринчиси, бу – йиллар давомида нархларни либераллаштириш бўйича чора-тадбирларнинг ортга сурилиб келаётгани билан боғлиқ. Жорий йилда айрим товарлар ва хизматларга белгиланган нархларни либераллаштириш бўйича амалий ишлар қилинди. Иккинчиси, Халқаро валюта фонди услубига ўтишимиз ва ҳисоб-китоблар шу асосда амалга оширилиши ҳам инфляция даражасига таъсир кўрсатади.

Журналистлар бензин нархининг ошиши инфляция даражасига қанчалик таъсир кўрсатгани билан қизиқди.

Маълумки, жорий йилнинг 15 ноябридан ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархи либерализация қилинди. Бу жараёнда бензин нархи ошди. Бугунги кунда А-80 бензини нархи 3800 сўм, А-91 бензини нархи 4300 сўм этиб белгиланган.

Мутахассисларнинг фикрича, бир неча йиллар давомида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархи оширилмаган. Бу мамлакатимиздаги нефть-газ тизими корхоналарининг охирги йилларда зарар билан ишлашига сабаб бўлди. Натижада маҳсулотлар тақчиллиги юзага келди. Шу боис, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари, хусусан, бензин нархининг ошиши нефть-газ корхоналарининг самарали ишлаши, мамлакатимизнинг барча ҳудудларини бензин билан таъминлаш, келгусида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари нархи янада ўсишининг олдини олиш имконини яратади.

Шу ўринда бензиннинг хорижий давлатлардаги ўртача нархларини эътиборингизга ҳавола этамиз. Қозоғистонда 1 литр бензиннинг ўртача нархи 0,54, Беларусда 0,63, Россияда 0,69, Тожикистонда 0,75, Украинада 1,03, Туркияда 1,43, Германияда 1,61, Буюк Британияда 1,62, Италияда 1,83 АҚШ долларини ташкил этади. Ўзбекистонда эса айни пайтда 1 литр бензиннинг ўртача нархи 0,52 АҚШ долларига тенгдир.

Қайд этилдики, мамлакатимизда бензин нархи ўртача 39 фоизга ошган. Ноябрь ойида умумий инфляция даражаси 2 фоизни ташкил этган бўлса, унинг 0,5 фоизи бензин нархи ошиши ҳисобига тўғри келмоқда.

Мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ўсишида энг кўп улуш Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келмоқда. Кейинги ўринларда Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари турса, Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятлари паст кўрсаткич билан қолмоқда. Таҳлилларга кўра, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиёт тармоқларидаги улуши ортган.

Халқаро пресс-клуб сессиясида мавзуга доир саволларга жавоб берилди.

 

Улуғбек Асроров, ЎзА