Россиялик шифокорлар Беруний туманида бўлди

Коронавирусга қарши курашда ҳамкорликда ишлаш учун юртимизга ташриф буюрган россиялик мутахассисларнинг бир гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида ҳам бўлди.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизматининг ЎзА мухбирига маълум қилишича, улар маҳаллий ҳамкасблари билан биргаликда туманлараро COVID-19 тиббий тақсимлаш марказида даволанаётган беморларни кўздан кечирди ва зарур тавсияларини берди. Реаниматолог шифокор Владимир Кукуев ва инфекционист шифокор Ольга Хисматулина бу борада мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
Таъкидланганидек, касалликка қарши курашишда бир-биримизга ёрдам беришимиз вируснинг кенг тарқалишининг олдини олиши мумкин. Бунда тўғри олиб борилган тушунтириш ишлари ва маслаҳатлар ижобий самара беради. Россиялик мутахассислар тиббий тақсимлаш марказида яратилган шарт-шароитлар ва бу ерда меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг ишларини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, коронавирус инфекциясига қарши кураш ишлари мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Оролбўйида ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда. Хусусан, Беруний туманидаги 100 ўринга мўлжалланган туманлараро COVID-19 тиббий тақсимот маркази барча тиббий стандартларга жавоб беради.
Касалликка чалинган беморларни даволашда саховатпеша ҳомийларимиз ҳам ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Жумладан, шу куннинг ўзида тиббий тақсимот марказига тадбиркорлар томонидан 10 дона кислород концентратори берилди. Бу эса марказда даволанаётган беморларнинг тез орада тузалиб, оила даврасига қайтишига катта ёрдам беради.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА