Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани марказида “SAYAMED” кўз клиникаси иш бошлади.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, янги ҳусусий клиниканинг очилиш маросимида сектор раҳбарлари, туман тиббиёт бирлашмаси фахрий шифокорлари ва фаоллар иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими А.Сапарбаев ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда тиббий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталди. Барча замонавий қулайликларга эга клиника бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради.
Жумладан, мазкур клиникада кўз касалликларининг катаракта, глоукома, кўз ғилайлиги ва бошқа касалликларнинг микрохирургияси даволанади. Кўзойнак танлашнинг замонавий йўллари тавсия қилинади.
Даволаш муассасасига хориждан келтирилган энг сўнгги замонавий жарроҳлик тиббий ускуналари ўрнатилган бўлиб, оғриқсиз даво чоралари олиб борилади. Энг асосийси, даво истаб келувчиларга арзон нархда сифатли тиббий хизмат кўрсатилади. Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманлари аҳолисининг узоғини яқин қилиш, инсон учун табиат мўъжизаларни ёрқин кўришини таъминлаш, дардига даво топиш клиникадаги малакали шифокорларнинг бош мақсадидир.
Тадбир иштирокчилари янги клиникада яратилган шароит билан танишди.