Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси тузилди

Мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш, жамиятда педагог ходимлар касбининг нуфузини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар ҳам эътирофга лойиқ.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси қурултойида бу борадаги ишлар таҳлил этилди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси тизимида 2016 йил 1 январь ҳолатида бошланғич ташкилотлар сони 17 636 тани ташкил этган бўлса, 2020 йил 1 июль ҳолатида 18 231 та бўлди. Бу кўрсаткичлар таълим, фан, маданият ва спорт соҳасидаги ислоҳотлар натижасидир.

Ўтган беш йилда тармоқ тизимидаги касаба уюшма ташкилотларининг ижтимоий шериклик, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат муносабатларини тартибга солиш масалаларида ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш бўйича ишлар давом эттирилди. Шу мақсадда ижтимоий ва меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг ўзига хос мезонига айланган «ижтимоий шериклик» тамойилига асосланган ҳолда салмоқли натижаларга эришилди. Хусусан, 2019 йилнинг декабрида бўлиб ўтган ҳокимият вакиллик органларига сайловларда тармоқ касаба уюшмасининг 18 нафар вакили халқ депутатлари вилоят ва шаҳар Кенгашларига депутат этиб сайланди.

Ҳисобот даврда таълим, фан ва маданият соҳалари ходимлари фаолияти самарадорлигини ошириш, уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Меҳнат қонунчилигига тегишли кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилишида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш бўйича парламент комиссияси билан яқиндан ҳамкорлик қилинди.

Ходимларнинг йиллик меҳнат таътилига тегишли ҳужжат Мактабгача таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Ҳужжатни ишлаш жараёни бир қанча музокараларга сабаб бўлди. Айрим ўзига хос хусусиятли, яъни оғир ­диагнозли болалар тарбияланадиган мактабгача таълим муассасалари ходимларининг меҳнат таътили 42 иш кунидан 24 иш кунига тушиши ҳолати ҳам юзага келди. Аммо Мактабгача таълим ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлик­ларига Респуб­лика кенгаши томонидан қилинган расмий мурожаатлар самарасида 42 иш кунидан иборат йиллик меҳнат таътиллари тикланди.

Тегишли вазирликлар билан тузилган тармоқ келишувларида мазкур меъёр мустаҳкамланганлиги ва шу асосда барча меҳнат шартномаларига киритилганлиги, меҳнат шартномаси шартларини ўзгартиришга ходимнинг розилигисиз йўл қўйилмаслиги ҳолатлари муҳокама қилинди. Бу ҳолатлар касаба уюшма аъзоларини меҳнат ҳуқуқлари, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга хизмат қилади.

Ҳисобот даврида 30 дан ортиқ судларда Респуб­лика кенгаши мутахассислари фаол иштирок этиб, ишчи-ходимларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида касаба уюшма фаолларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман ва шаҳар кенгашлари раислари, 7 минг нафардан зиёд бошланғич касаба уюшма қўмитаси раислари учун махсус ўқув машғулотлари ташкил этилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, уларнинг миллий ва халқаро меҳнат стандартларга оид билим ва кўникмалари оширилди.

Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари ва аъзоларини рағбатлантириш, уларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида мунтазам равишда «Энг намунали бошланғич ташкилот», «Электр энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича энг яхши бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти», «Меҳнат муҳофазаси бўйича жамоат назоратини энг яхши ташкил этиш» бўйича ­республика кўрик-танловлари мунтазам равишда ўтказилди.

Тармоқ касаба уюшмаси халқаро ва хорижий касаба уюшмалари билан ўзаро алоқаларда фаол иштирок этди.

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг кенг қамровли экани тизимни бошқаришда қатор муаммоларни келтириб чиқарарди. Хусусан, касаба уюшмаси аъзоларига талаб даражасида хизмат кўрсатиш, ички ва ташқи туризмни амалга ошириш, касаба уюшма фаоллари билан маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирларини ўтказиш, уларга моддий кўмак бериш, рағбатлантириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, аъзоларнинг ҳуқуқий билимини оширишда қийинчиликлар мавжуд эдики, вазият бу йўналиш­ларни алоҳида тармоқ ташкил этиш орқали ҳал этишни тақозо этарди.

Шу боис, янги тармоқ ташкилоти – Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмасини тузиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ҳамда унинг таъсис қурултойи ўтказилди.

Таъсис қурултойида Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари сайланди. Тармоқ касаба уюшмаси уставининг янги таҳрири муҳокама қилинди ва келгуси беш йилга мўлжалланган стратегик йўналишлари тасдиқланди.

Қурултойда Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига Равшан Бедилов, Маданият, спорт ва туризм ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашига Шуҳрат Деҳқонов раис этиб сайланди.

 

ЎзА