Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи қурилиши якунланди

Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган «Дўстлик-2 – Қўйлиқ» йўналиши қуриб битказилди. Метронинг ушбу участкасида 7 та бекат барпо этилган. Янги йўналишнинг узунлиги 11,5 километр.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 август куни бу ерга ташриф буюриб, жамоатчилик билан бирга поездда юрди.

Аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, пойтахтимизнинг келгуси ривожланиши инобатга олиниб, Тошкент шаҳрида ер усти халқа метро линияси қурилмоқда.

Лойиҳа беш босқичда амалга оширилмоқда. Умумий узунлиги 54,8 километр, 35 та метро бекати, 2 та депо ва 1 та техник кўрик пункти қурилади.
2019 йилнинг август ойида Тошкент ҳалқа метро линиясининг биринчи босқичи бўлган “Дўстлик-2 – Қўйлиқ” линиясида 2 минг 303 метрлик янги рельслар ётқизилиб, дастлабки поездлар синов тариқасида ҳаракатланган эди.
Ушбу йўналиш қурилишида жами 341 дона таянч устуни, 341 дона темир бетон ригеллар ва ҳар бирининг узунлиги 26 метр бўлган 2 минг 73 дона балка ўрнатилган.
Объект қурилишида 3 500 дан ортиқ ишчи ва мутахасислар ҳамда 150 та техника ва машина-механизмлар иштирок этди.
Янги қуриб битказилган бекатлар йўловчиларга қулайлик яратувчи замонавий технологиялар, йўлкирани электрон тўлаш имконини берувчи турникетлар ҳамда эскалатор билан жиҳозланган. Иккинчи қаватдаги бекатларнинг ҳар бирига имконияти чекланган йўловчилар учун махсус лифтлар ҳам ўрнатилган.

Эътиборлиси, ҳар бир бекат миллий меъморчилик услубига хос тарзда қурилиб, кўриниши ва безатилиши жиҳатидан бир-бирини такрорламайди. Ишлатилган замонавий қурилиш материаллари бекатларга ўзгача чирой бағишламоқда.

Масалан, Тузель ҳудудидаги 3-бекат аҳоли гавжум жойда, автомобиллар чорраҳасида жойлашган. Ушбу бекатда тушиб чиқадиган йўловчилар оқими нисбатан кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Икки қаватдан иборат бекатнинг биринчи қаватида ишчи-ходимлар учун маъмурий ҳамда тиббий хоналар ва касса қурилган. Йўловчилар кириб чиқиши, махсус турникетдан ўтиши биринчи қаватда амалга оширилади. Иккинчи қават эса перрон қисми бўлиб, унинг бир томонидан йўловчиларга қулай бўлиши учун янги эскалатор, иккинчи томонига эса имконияти чекланган йўловчилар учун махсус лифт ўрнатилган. Перрон қисми замонавий ёриткичлар билан безатилган. Бекат ичида Тошкент метрополитени харитаси, перронда эса шаҳар ташқарисига чиқиш учун кўчалар номини кўрсатувчи маълумотлар белгиси қўйилган.
Перрондан поездга чиқиш қисмига кўзи ожизлар учун махсус бўрттирилган плиталар ётқизилган. Бекатнинг асосий икки томони қуёш нурини кам ўтказадиган махсус ойналар билан қопланган. Перронга кириб-чиқиш ҳудудларида кўркам ва рангли кафеллардан фойдаланилган. Бекат атрофи ва ҳудуди ободонлаштирилиб, замонавий ёритгичлар ўрнатилган, йўлакларга узоқ муддатга чидамли кўркам брусчаткалар, мармар тошлари терилган. Ҳудудга Тошкент иқлимига мослаштирилган арчалар экилган, автомобиллар тураргоҳи қурилган.
3-бекатдан сўнг Илтифот ҳудудидаги 4- ҳамда Роҳат ҳудудидаги 5-бекат келади. Пойтахтимизнинг шарқий дарвозасига кириш ҳудудида жойлашган ушбу кўркам бекат орқали шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари Тошкентнинг марказий ва чекка ҳудудларига қисқа фурсатда хавфсиз етиб бориш имконига эга бўлади.
Янгиобод ҳудудидаги 6-бекат бир қаватдан иборат бўлиб, Роҳат йўналишидан келганда эстакадалар ўз ўрнини ерга бўшатиб беради. Чунки, “Қуюв-механика заводи” корхонаси билан шаҳарнинг Яшнобод тумани ҳудуди оралиғида Чирчиқ дарёси ўтганлиги учун темир йўл кўприги қурилган. Шу боис лойиҳа доирасида 6-бекат бир қаватдан иборат бўлиб, Қўйлиқ йўналиши бўйлаб қурилиш жараёни темир йўл кўпригидан ўтиши учун пастдан ҳаракатланиш лойиҳаси бўйича амалга оширилди. Шундан сўнг яна эстакада шаклида Қўйлиқ бозоригача қурилиш жараёни амалга оширилди. Қўйлиқ бозори ҳудудида йўл ўтказгич ва автомобиль йўллари мавжудлиги сабабли метро йўналиши Қўйлиқ ҳудудига яқинлашгач, ер орқали йўл ўтказгичдан ўтиш масаласи ҳал этилди. Шу боис 7-бекат ҳам бир қаватдан иборат бўлди.

Таъкидлаш лозимки, эстакада кўринишидаги ушбу метро линиясини қуриш, айниқса. Янгиобод ва Қўйлиқ ҳудудида олиб борилган бунёдкорлик ишлари қурувчиларимиз учун осон кечмади. Айниқса, Қўйлиқ бозори ҳудудидаги автомобиль йўллари, тирбандликлар, йўналишни ердан ўтказиш, аҳолининг гавжумлиги соҳа ходимларига бир мунча қийинчилик туғдирди. Бироқ темирйўлчилар бу каби қийинчиликларни мардонавор енгиб, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигига қатъий амал қилган ҳолда иш олиб боришди.

Ушбу йўналишда поездларнинг ўртача юриш тезлиги соатига 60 километрни ташкил этади. Оралиқ масофани босиб ўтиш вақти – 19 дақиқа, бекатларда тўхташ вақти – 15 сония, ҳар бири 4 та вагондан иборат 4 та поезд қатнайди. Россия Федерациясида мамлакатимиз метро линияларининг эстакада йўналишида ҳаракатланадиган замонавий ва юқори сифатли, йўловчилар учун барча қулайликларга эга вагонлар тайёрланиб, юртимизга келтирилган.
Ер усти метрополитен халқа йўли “Дўстлик-2 – Қўйлиқ” бекатлари фойдаланишга топширилиши ҳисобига 225 та янги иш ўрни яратилган. Лойиҳа тўлиқ фойдаланишга топширилгач, кунига 46 мингта йўловчи ташилиши режалаштирилган.
– Пойтахтимизда транспорт кундан-кунга кўпайиб, тирбандликларни кўпайтириш билан бирга ҳавонинги ифлосланишига ҳам сабаб бўлмоқда. Ер усти метроси арзон, қулай ва хавфсиз. Энг муҳими, бу бошқа жамоат транспортларидаги юкламани ўзига олади, шаҳар марказидаги тирбандликни камайтиради, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тошкент ер усти ҳалқа метро линиясининг иккинчи босқичи Қўйлиқ бозори билан «Олмазор» бекатини боғлайди. Учинчи босқичда «Олмазор»дан «Беруний» бекатигача бўлган қисм барпо этилади. Кейинги босқичда иншоот «Беруний»дан «Бодомзор» бекатигача қурилади, сўнгги босқичда «Дўстлик» бекатига уланади.
Президентимиз аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги замонавий транспорт линиясини қолган босқичларини ўз муддатида фойдаланишга топшириш, сифатига эътибор бериш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА