Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Тадбирда қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари ҳамда коронавирус пандемияси даврида вужудга келган муаммолардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамиятнинг турли соҳаларини такомиллаштиришга қаратилган қатор қонунлар қабул қилиниб, мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда “пакет” принципи татбиқ этилди.
Бу борада парламент юқори палатаси ҳам янги йўналишда иш олиб борди. Жумладан, Сенат қўмиталари томонидан 20 га яқин амалдаги қонун ҳужжатларининг ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг амалга оширилди. Натижада бир қатор қайта кўриб чиқилиши ҳамда такомиллаштирилиши лозим бўлган нормалар мавжудлиги аниқланди.
Мажлисда айрим қонунларда аниқ механизмларнинг йўқлиги, кўплаб ҳаволаки нормаларнинг мавжудлиги ва соҳанинг асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиниши амалиётда муаммоларни келтириб чиқараётганига урғу берилди. Мазкур масала Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирокида муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлса-да, мазкур соҳани бевосита тартибга солишга қаратилган 20 га яқин қонуности ҳужжатлари амалда бўлиб, уларда бир-бирига зид нормалар мавжуд.
“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун меъёрларини амалиётга татбиқ этишда ҳам айрим муаммолар йўқ эмас. “Ўзархив” ва “Ўзстандарт” агентликлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган айрим давлат хизматлари бўйича маъмурий регламентлар ишлаб чиқилмаган, бу борадаги ички ҳужжатлар билан тартибга солиб келинмоқда. Қолаверса, “Медиация тўғрисида”ги қонун ижросини ўрганиш унинг қоидаларини татбиқ этишда ҳам баъзи камчиликларни кўрсатди.
Бундан ташқари, “Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги, “Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги ва бошқа бир қатор амалдаги қонунларни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Шу жиҳатдан қонун ҳужжатларини тубдан қайта кўриб чиқиш, уларни тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини яхшилаш, қонунлар ижроси мониторингини такомиллаштириш, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қиладиган ташкилотларни босқичма-босқич қисқартириш зарурлиги қайд этилди.
Мажлисда коронавирус пандемияси даврида вужудга келган муаммолардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама марказида бўлди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича давлатимиз ҳамда ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган тезкор ва аниқ мақсадли чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Коронавирус пандемияси даврида масофавий таълим, меҳнат, шунингдек. бошқа соҳаларда масофавий хизмат кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди. Тадбиркорлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қўллаб-қувватланди.
Бу борадаги саъй-ҳаракатларга ҳамоҳанг равишда парламент томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Пандемия нафақат тиббиёт, таълим соҳаларидаги қонунчилик, балки иқтисодиёт йўналишидаги, умуман олганда, бошқа қатор соҳалар қонунчилигини замон талабларига мослаштириш зарурлигини кўрсатди. Ўз навбатида, бир қатор қонунлар қабул қилинди ва такомиллаштирилди.
Сенат Кенгаши томонидан коронавирус пандемияси даврида вужудга келган муаммолардан келиб чиқиб, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ва иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича чора-тадбирлар режаси ва ишчи гуруҳ тасдиқланди.
Мажлисда ишчи гуруҳ фаолияти очиқ ва шаффоф бўлиши лозимлиги, унинг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлик қилиши, қолаверса, Ёшлар парламенти имкониятларидан самарали фойдаланиши зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди.
ЎзА