“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан “Истиқболли ёшларни хорижда тайёрлаш – Янги Ўзбекистонда кадрлар сиёсатининг муҳим устувор йўналиши” мавзусида III Халқаро форум ташкил этилди.

Тадбир доирасида ташкил этилган сессияда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди. Вазир ўз нутқида “Эл-юрт умиди” жамғармасининг мамлакат кадрлар сиёсатидаги аҳамияти ва ролини алоҳида таъкидлади.

Вазир жамғарма томонидан хорижда таълим олган ёшлар нафақат билим ва замонавий кўникмаларга эга бўлаётгани, балки уларни амалиётга татбиқ этиш орқали юртимизни янги технологиялар ва инновациялар билан бойитаётганини қайд этди.

Ёшлар хорижда ўқиб қайтгач, ўз соҳаларида юқори натижаларга эришиши мамлакатнинг рақамли ривожланиши ва иқтисодий юксалишига хизмат қилишини қўшимча қилди.

Хориждаги ватандошлар, жумладан, жамғарма битирувчилари ўз билим ва тажрибаларини Ватан тараққиётига йўналтириши кераклиги айтилди.

Мазкур форум нафақат “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари учун, балки бутун мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун муҳим қадам бўлди.

Н.Раҳмонова, ЎзА