Бугун, 17 ноябрь куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ногиронлиги бўлган шахматчилар ўртасида Осиё чемпионатининг сўнгги тур баҳслари бўлиб ўтади.

Қитъанинг 10 дан зиёд давлатидан матонатли ва иродали шахматчилар иштирок этаётган шахмат баҳсларининг 9-турида ёш қизлар ўртасидаги ўйинларда ғолибликка даъвогарлик қилаётган Сабоҳат Икромалиева қирғизистонлик Сабина Аскар билан, катталар ўртасидаги мусобақада 2-ўринда бораётган Сирожиддин Зайниддинов ҳиндистонлик Рао Самартх билан куч синашади.

Мусобақанинг ортда қолган 8-туридан кейин Сирожиддин Зайниддинов 6 очко билан 35 нафар иштирокчи орасида 2-ўринда бораётган бўлса, ушбу гуруҳ пешқадами тожикистонлик Суҳроб Ҳамдамов 6,5 очкога эга бўлиб турибди.

Пара шахмат бўйича Осиё чемпионатининг охирги тур ўйинлари остонасида катталар ўртасидаги мусобақада қатнашаётган шахматчиларимиздан Сардорбек Мамаражабов 5,  Ахадхон Кимсанбоев 4,5,  Аббос Эшмуратов 4, Илҳом Эргашев 3,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.

Шунингдек, ёш қизлар тоифасидаги баҳсларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган Сабоҳат Икромалиева ва Айнура Изентаева 5 очко билан 4 ва 5-ўринлардан жой эгаллаган.

Ёш ўғил болалар баҳсида қатнашаётган Бобур Дўстмуродов 9-тур олдидан 4,5 очко билан 6-поғонада кўриниш берган. Бугун ўтадиган 9-турда Дўстмуродов қора доналарда ФИДЕ байроғи остида чемпионатда иштирок этаётган Дмитрий Песновга қарши ҳаракатланади.

Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионатида 10 тадан зиёд мамлакатнинг матонатли ва иродали шахматчилари ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Т. Рўзиев, ЎзА