Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт саройида ўтаётган Кураш ҳафталигининг навбатдаги кунида прокуратура органлари ходимлари ғолиблик учун беллашди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда Транспорт прокуратураси, Бош прокуратура академияси ва Мажбурий ижро бюроси прокурорлари кураш гиламида ўз маҳоратларини намойиш этди.

Эркаклар ўртасида -66, -73, -81, -90, +90 килограмм ва аёллар ўртасида +63 килограмм вазн тоифасида бўлиб ўтган “Прокурор полвони” республика турнирида 100 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.

—Давлатимиз раҳбари томонидан миллий спортимиз курашнинг халқаро майдонда ривожини таъминлаш бўйича қабул қилган қарорлари асосида ўтган йиллар давомида кўплаб ишлар амалга оширилди. Курашни оммалаштириш оммавий мусобақалардан бошланади. Ҳар бир оилага кураш орқали соғлом турмуш тарзи тамойиллари кириб боришини таъминлаш, ҳуқуқ тизимида фаолият кўрсатаётган ходимларда азалий қадриятларимизга эътиборни кучайтириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Ҳафталик доирасида давлат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар ходимлари ўртасида мусобақалар кўтаринки кайфиятда ўтди. Бундан ташқари, Қуролли Кучлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги каби ҳуқуқ-тартибот ташкилотлари ходимлари ўртасида ҳам кураш мусобақалари ташкил этилди. Бу каби турнирлар курашни умумхалқ спорт турига айлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли, — деди Ўзбекистон Кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Қодиров.

Муросасиз беллашувларга бой кечган мусобақалар якунида ўз вазн тоифаларида Бобур Мусурмонов, Мухриддин Ҳайиталиев, Азизжон Бобоқулов, Шоҳрух Файзиев, Улуғбек Исмоилов ва Зарнигор Кўчарова ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Ойбек Ҳайитмуродов, Ғайрат Тўраев, Ғулом Саддинов, Нурбек Мухторов, Учқун Маматраимов ҳамда Дилзода Довудова каби ҳаваскор спортчилар совриндорлар қаторидан жой эгаллади.

Умумжамоада эса Сурхондарё вилояти прокуратураси биринчи, Бош прокуратура жамоаси иккинчи ва Навоий вилояти прокуратураси полвонлари учинчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари, диплом ва медаллар билан тақдирланди.

Бугун, 16 ноябрь куни ҳафталик доирасида республика фахрийлар турнири, эртага эса аёллар ўртасида “Кураш маликалари” республика мусобақалари бўлиб ўтади.

Т.Рўзиев, ЎзА