Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Даби шаҳрида каратэ WKF бўйича жаҳон кубоги таснифига кирувчи “Winner Cup International Chempionships” мусобақаси бўлиб ўтди.

Кубок баҳсларида дунёнинг 51 давлатидан келган 850 нафарга яқин каратэчилар рақобатлашди. Қувонарлиси, мусобақада мамлакатимиз спортчилари 3 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

Халқаро турнирнинг 12-13 ёш тоифасидаги баҳсларида Одина Ботирова, Камронбек Абдуқаюмов ва Саидкамол Адилов олтин медални қўлга киритди. 18 ёшдан катталар ўртасида вазни -60 кг. бўлган Азизбек Исломбеков кумуш, -75 кг. вазн тоифасида Ойбек Ҳакимбеков бронза медалига сазовор бўлди. 14-15 ёшли каратэчилар орасида Жўрабек Алибеков учинчи поғонадан жой олди.

Шунингдек, Дилшод Юсупов ва Ҳамдамжон Шодибеков мусобақа ташкилотчилари томонидан шогирдларининг муносиб иштироки учун махсус кубок билан тақдирланди.

Мусобақа регламентига кўра, ғолиб ва совриндорлар шу йилнинг 13-15 декабрь кунлари Туркияда бўлиб ўтадиган Премьер лига мусобақасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА