15 ноябрь куни “Умумий ўрта таълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитилишини тубдан такомиллаштириш ҳамда ушбу фан ўқитувчиларининг касбий фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарор билан жисмоний тарбия фани ўқитувчиларига малака тоифаси беришнинг янги тартиби ишлаб чиқилади.

Қарорга кўра, 2025 йил:

— 1 мартга қадар бошланғич, ўрта ва юқори синф ўқувчилари ёш тоифаси бўйича ҳаракатли ўйинлар, олимпия ва оммавий спорт турларига устуворлик бериш орқали спорт турлари рўйхати шакллантирилади;

— 1 июнга қадар мактаб ўқувчиларининг спорт мусобақаларидаги иштироки, мактаб спорт клубларининг фаолияти, ўқувчиларни спортга қамраб олинганлик даражасини аниқлаш юзасидан рейтинг тизими ишлаб чиқилади;

— 1 майга қадар мактаб спорт клублари аъзолари учун Зомин тумани “Лочин” дам олиш масканида ўқувчиларни спорт мусобақаларига тайёрлаш базаси ташкил эталади;

— 1 июлга қадар жисмоний тарбия фани ўқитувчиларининг билим даражаси ва касбий маҳоратини аниқлаш бўйича миллий баҳолаш тизими ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:

— 5–11-синфлар жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун ўқув-методик қўлланмалар ишлаб чиқилади;

— ҳар бир мактабда босқичма-босқич мактаб спорт клублари фаолияти йўлга қўйилади;

— ҳар йили анъанавий тарзда мактаблар ўқувчилари ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақалари ташкил этилади.

ЎзА