Биринчи ўзбек агрономи ким?

… Денгиз қирғоғини ташлаб кетгани каби, баъзилар бир пайтлар ота макони Мўйноқдан ўзга масканларга кўчган бўлса, бугун Мўйноққа интилаётганлар, унинг бағрида яшашга ошиқаётганлар кўпаймоқда. Шубҳасиз, Мўйноқдаги ўзгаришлар одамларнинг руҳиятини ўзгартирди, қалбларида ҳаётга ҳавас уйғотди, дунёга бошқа кўз билан қарашга ундади, тасаввурларини кенгайтирди…
«Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган «Мўйноқ мўъжизаси» сарлавҳали материал ана шундай мулоҳазалар билан бошланган. Дарвоқе, ушбу материал нашрнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мухбири, марҳум Ҳидоят Аҳмедовнинг сўнгги мақоласи бўлиб қолди. Муаллифнинг ёзишича, илгари туман бўйича бор-йўғи беш-олтита болалар боғчаси бўлган бўлса, ҳозир ҳар бир маҳаллада камида битта замонавий боғча ишлаб турибди. Шундай даврлар бўлганки, ҳатто Мустақиллик, Наврўз байрамларини ўтказишга жой топилмаган. Ҳозир ҳудуднинг замонавий маданият уйи, амфитеатри бор. Янги иш ўринлари яратиляпти…
… Биринчи ўзбек агрономи ким? «Янги Ўзбекистон» газетасида ушбу сарлавҳа остида чоп этилган мақолада юқоридаги савол жавобини топасиз. Жумладан, материал кириш қисми ана шу илк ўзбек агрономининг сўзларидан иқтибос билан бошланган: “Бир йилдирким Оврупода яшамоқдаман. Илм-маорифда Оврупонинг биринчи бўлган Германия дорулфунунларида бутун дунёдан, ҳатто татарлардан ўнлаб, турклардан эса минглаб талабалар бўлгани ҳолда бизнинг Туркистондан мендан бошқа талабанинг бўлмаслиги юрагимни парчаламоқда”, деб ёзади биринчи ўзбек агрономи Абдуваҳҳоб Муродий ўз мактубларидан бирида… Аммо Абдуваҳҳоб Муродий 1930 йили 25 апрель куни Мунавварқори Абдурашидхонов раҳбарлигидаги “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзоси сифатида ОГПУ томонидан қамоққа олинди. У бир йилдан ортиқ вақт давом этган қийноқ ва таҳқирлар остида сўроқ қилинди. Бу тергов материаллари мазмуни бугун Муродийнинг жиноятчи эмас, аксинча, ҳақиқий миллат қаҳрамони эканини исботловчи далиллардир…
“Инсон ва қонун” газетасида “Гўшт нархи 100 000 сўмга етдими?” номли мақола чоп этилган. Мақола муаллифи Ф.Қорақулова гўштнинг нархи ҳақиқатан ҳам юз минг сўмга етган-етмаганлигини шахсий кузатувлари орқали ўрганган. “15 август ҳолатига кўра, пойтахт бозорларида мол гўштининг нархи 40 000 сўмдан 80 000 сўмгача, қўй гўштининг бозорлардаги нархи 50 000 сўмдан 85 000 сўм, “Корзинка” деб аталувчи дўконларда эса гўштнинг максимал нархи 100 000 сўмдан ошганлигини кўрсатди. Демак, Тошкент шаҳрида саноқли кунлар ичида гўшт нархи салмоқли ошганлиги маълум бўлди… Шунингдек, нашр саҳифаларида берилган “Хориждаги ватандошимиз “18 ёшли” аёлга чув тушди” мақоласидаги фактлар ўқувчини бефарқ қолдирмаса керак. Унда 1982 йилда туғилган наманганлик аёл ўзидан 18 ёшли “аёл” ясаб олиб, интернет орқали Мисрдаги ватандошимиз — ёш йигитни ўз тўрига илинтиргани ва ундан катта суммада пулларни қўлга киритгани, аммо жиноят жазосиз қолмай, унинг кирдикорлари ошкор бўлганлиги ҳақида ҳикоя қилинади…
«O‘zbekiston bunyodkori» газетасида ёзилишича, Фарғона туманидаги Шоҳимардон қишлоғи денгиз сатҳидан 2500-2700 метр баландликда жойлашган бўлиб, тўрт тарафи тоғ билан ўралган. Бу ернинг тонги янада мафтункор.
Тоғ ортидан бош кўтарган қуёш атрофни қиздира бошлайди. Кўчалар эса янада тароватли. Тоғ одамлари бағрикенг, самимий, меҳнаткаш. Сўнгги йилларда бу мўъжаз қишлоқ мутлақо янгича чирой очди. Сайёҳлар учун ўнлаб дам олиш уйлари, кемпинглар, меҳмонхоналар қурилди. Хизмат кўрсатиш билан боғлиқ иншоотлар фойдаланишга топширилди. Кўчалар-га асфальт ётқизилиб, ичимлик суви қувурлари тортилди…
***
 
Янги рукн ва бугунги шарҳ ҳақидаги фикр, таклиф ва истакларингизни pochta@uza.uz манзилида кутиб қоламиз.

 

ЎзА