Шавкат Мирзиёев: Пандемия Мустақиллик кунида катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклашни талаб қилмоқда

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтмоқда. Тадбирни очар экан, давлатимиз раҳбари пандемияни жиловлаш доирасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, Мустақиллик байрамини бундай шароитда нишонлаш юзасидан кўрсатмалар берди.

Жумладан, қайд этилишича, бугунга келиб мамлакатимизда жами коронавирус юқтирганлар сони 37,5 мингдан ошди, шундан 33 мингдан зиёди ёки 88 фоизи соғайди. 4 мингта беморни даволаш ва оиласи бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев бундай натижалар юртимиз тиббиёт ходимларининг буюк хизмати эканини алоҳида айтиб ўтди. Вазият айниқса Тошкент шаҳрида ижобий томонга ўзгараётгани, яқинда Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимлангани, Германиядан яна мутахассислар келиши кутилаётгани қайд этилди. Хорижлик экспертлар асосан оғир аҳволдаги касалларни энг замонавий услублар асосида, тизимли равишда даволашга жалб этилмоқда, деди Президент.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, айни ҳафталар биз учун синовли давр бўлади. Кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши кейинги ҳафтада аён бўлади.

90f5594a-0940-a686-f09e-b1c306ad32f6.jpg

Лекин, аҳоли томонидан шифокорлар тавсияларига, яъни ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, оилавий маросимларни ихчамлаш каби қатъий эҳтиёт чораларига риоя қилинмас экан, давлат карантин чекловларини қайтадан татбиқ қилишга мажбур бўлиши қайд этилди.

Шу муносабат билан, ҳар биримиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, ҳаракатларимизда эпидемилогик талабларга сўзсиз амал қилишга одатланишимиз кераклиги яна бир бор тайинланди.

Шу боис, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва вазирларга доимий равишда вазиятни таҳлил қилиб, COVID-19 тарқалишини қатъий чеклаш, беморларни самарали даволаш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш бўйича барча чораларни кўриб бориш топшириғи берилди.

ea4a8389-cdef-49e9-2e66-957f467cf583.jpg

Юртимиз мустақиллигининг 29 йиллик айёми ҳам яқинлашиб келяпти.

Ушбу масалада шифокорлар билан маслаҳат қилган ҳолда шундай хулосага келиндики, пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва сайиллар ўтказишни чеклаш талабини қўймоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғида байрам кунлари қизиқарли, янги форматдаги кўрсатувлар, эшиттириш ва чиқишлар намойиш этиш борасида тавсиялар берилди.

e42dd585-2a00-790a-45a3-12395bc35c92.jpg
ed71c287-5177-9d63-90a9-c6a695741c71.jpg

 

ЎзА