Коронавирусга қарши мутахассисдан муҳим тавсиялар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда АОКА ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева аҳоли томонидан йўлланган саволларга жавоб берди.
САВОЛ: биз кўп қаватли бинода яшаймиз, қўшнилардан бирида касаллик аниқланса, улар ҳам лифтдан фойдаланади. Биз шунда лифтдан фойдаланмаслигимиз керакми?
ЖАВОБ: вируснинг турли хил сатҳларда ва ҳаво зарраларида 2-3 соатдан 8-12 соатгача сақланиб туриши тўғрисида тасдиқланган маълумотлар мавжуд.
Шу боис, лифтларда доимий тозалов ишларини олиб бориш, турли юзалар, тутқичларга хлор таркибли эритмалар билан ишлов бериш керак. Лифтдан фойдаланиш керак бўлиб қолганда, ўзини ўзи ҳимоялаш мақсадида, ҳар бир фуқародан имкон қадар ортиқча юзаларга қўл теккизмаслик, уйга қайтганда аввал қўлларни совунлаб яхшилаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш талаб этилади.
САВОЛ: мен олдинлари шамоллаганимда ҳеч ҳам тана ҳароратим кўтарилмаган, COVID-19 билан касалланганимни қандай биламан?
ЖАВОБ: касаллик кечувини инобатга олган ҳолда, баъзи одамларда коронавирус оғир ва ўта оғир даражада кечади, бундай ҳолатларда тана ҳарорати юқори бўлиши кузатилади.
Баъзиларда касаллик енгил ва симптомларсиз ўтади, бундай беморларда тана ҳарорати 1 кундан 3-5 кунгача кўтарилиши ёки умуман бўлмаслиги ҳам мумкин.
Бундай ҳолатларда, COVID-19 билан касалланган ва ПЗР тести тасдиқланган беморлар билан алоқада бўлганингиз касалланганингиздан далолат бериши мумкин. Агар сизда бундай ҳолат бўлса ва енгил шамоллаш аломатлари кузатилиб, тана ҳарорати кўтарилмаса, бу касалликнинг енгил кечуви бўлиши мумкин.
Белгилар йўқолганидан кейинги иккинчи ё учинчи ҳафтада антитаначаларга қон топшириб кўриш тавсия этилади.
САВОЛ: оиламиз аъзосида коронавирус касаллиги тасдиқланса ва уйда болаларда ҳам касаллик аломатлари пайдо бўлса, уларда ҳам тест ўтказиш керакми? Тест натижаси чиққунига қадар шифокор кўп суюқлик ичиринг, деб ОРС-суюқлигини тавсия қилди. Лекин болаларим суюқлик ичса қусиб юборяпти. Бундай ҳолатда нима қилиш зарур?
ЖАВОБ: Бу ҳолатда тест топшириш шарт эмас, болада касалликнинг ичак шакли ўтаётган бўлиши мумкин. Шифокорга сувни ҳам қусаётгани ва диарея ҳолати ҳақида хабар беринг.
Тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш ва диарея ҳолатлари биргаликда кечганида болада сувсизланиш ривожланиши кучаяди.
Шифокор назорати остида аввал қусишни тўхтатишга, сўнгра ОРС-суюқлигини қултумлаб ичишни кўпайтиришга ҳаракат қилинг.
Бола тана ҳарорати тушгунига қадар доимий равишда шифокор назоратида бўлиши керак. Зарурат туғилганида шифокор дори воситаларни касаллик кечувидан келиб чиқиб тавсия этади.

 

ЎзА