Ерниязов Муса Тажетдинович Сирдарё аҳлининг хотирасида абадий қолади

Куни кеча мамлакатимизнинг таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари, том маънодаги ҳақиқий инсон – Ерниязов Муса Тажетдиновичнинг вафоти биз сирдарёликларнинг ҳам қалбларимизни ларзага солди.
Муса Тажетдинович Ерниязов ўзининг улкан раҳбарлик салоҳияти, билим ва тажрибаси, маънавий фазилатлари билан ўзбек-қорақалпоқ халқлари ўртасида беқиёс дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга катта улуш қўшиб келган, халқпарвар, юртпарвар инсон эди. Муса оға қорақалпоқ элининг чин фарзанди, миллат ишончини қозона олган оқсоқоли эди.
Жорий йилнинг 1 май куни содир бўлган «Сардоба» сув омбори фожиаси куниёқ, Муса Тажетдинович раҳбарлигидаги бутун қорақалпоқ эли биринчилардан бўлиб ёрдамга чорланди.
Тошқин талафотларини бартараф этишда у кишининг шахсан ўзи биз сирдарёликлар билан елкама-елка турганлиги, тошқиндан зарар кўрган уй-жойларни Қорақалпоғистон Республикасидан келган қурувчи-муҳандис ва лойиҳачиларнинг тубдан қайта таъмирлаш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқилишида шахсан ўзлари фикр ва янгидан-янги таклифлари билан бойитиб, ўзларига бириктирилган ҳудудлардаги таъмирлаш, тиклаш, қайта қуриш ишларида хизматлари катта бўлди.
Ватанимизга, ўзбек ва қорақалпоқ халқларига бўлган беқиёс муҳаббати ва садоқати билан ҳақли равишда барчамизнинг қалбларимизда унинг хотираси узоқ йиллар сақланиб қолади.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси ва барча фуқароларимиз номидан Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Ерниязов Муса Тажетдиновичнинг фарзандлари, жон-жигарлари, яқинлари ва барча қорақалпоқ халқига ҳамдардлик билдирамиз.
Азиз ва меҳридарё қорақалпоқ халқи, қадрли юртдошлар, чин дилдан билдираётган таъзиямизни қабул айланг.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги

 

ЎзА