Нукусда ижодкор ҳарбийлар ўртасида қўшиқлар танлови ўтказилди

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги олдидан  
 
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги байрамига бағишлаб, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ миқёсида “Ягонасан, муқаддас Ватан!” анъанавий ватанпарварлик қўшиқлар кўрик-танлови бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
COVID-19 пандемияси тарқалишининг олдини олиш бўйича мамлакат бўйлаб олиб борилаётган кескин кураш ва жиддий карантин қоидалари жорий этилгани боис бу йилги кўрик-танлов ўзгача тартибда, яъни мухлисларсиз ўтказилди.
Ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ҳамда Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази мутахассислари томонидан тузилган ҳайъат аъзолари низом талабларига мувофиқ иштирокчиларни баҳолаб борди.
Саф, эстрада ва лирик қўшиқлар йўналишлари бўйича ўтказилган кўрик-танловда жами 9 нафар ҳарбий хизматчи ўзаро беллашди. Эътиборлиси, бу йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун яқиндагина келган 5 нафар аскар ҳам танловда қатнашиб, 4 нафар контрак бўйича ҳарбий хизматчига муносиб рақобат кўрсата олди.
Иштирокчиларни баҳолаш ижрочилик маҳорати, қўшиқ матни ва бадиий савияси, мусиқа ва қўшиқнинг мазмуни танлов мақсадига мослиги, ижрочиларнинг саҳнадаги маданияти каби мезонлар бўйича амалга оширилди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, саф қўшиқлари йўналиши бўйича Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестрининг мусиқачилари кичик сержант Фаррух Одинаев ва контракт бўйича ҳарбий хизматчи Нодир Анорбоев томонидан жуфтликда ижро этилган “Қасамёд” қўшиғи биринчи ўринга лойиқ, деб топилди.
Эстрада йўналишида кичик сержант Акбарали Зинатуллаев томонидан ўзгача талқинда, яъни РЭП жанрида айтилган “Ватаним” қўшиғи юқори баҳоланди.
Лирик қўшиқлар йўналишида бир неча маротаба юксак натижаларни эгаллаб келаётган кичик сержант Анвар Худойберганов томонидан куйланган “Ватан – саждагоҳим” қўшиғи ғолибликни олиб берди.
Ғолиблар дипломлар билан тақдирланиб, кўрик-танловнинг кейинги босқичи, яъни Мудофаа вазирлиги қўшинлари миқёсида ўтказиладиган финалда иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
photo_2020-07-24_14-26-39.jpg
photo_2020-07-24_14-26-41 (2).jpg

 

ЎзА