Шу жиҳати билан айни пайтда амалиётга фаол татбиқ этилаётган ўзини ўзи банд этиш тизими одамларга маъқул келмоқда. Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармасидан маълум қилишларича ҳозиргача ҳудудда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар сони 5,5 минг нафарга яқинлашди.
Томорқасида етиштирган маҳсулотни бозорда сотаётган, уйда турли рўзғор асбобларини ясаётган, маиший электр буюмларини таъмирлаш билан шуғулланаётган, қишлоқнинг молини боқаётган, хуллас оддийгина кундалик юмушларини бажариб рўзғор тебратаётган кишилар кўп. Улар ўзларини тадбиркор ҳисобламайди, аммо ишсиз ҳам эмас. Уларнинг кўпчилигини бир муаммо – кексайганида пенсияга чиқиш ўйлантиради.
Солиқ инспекторлари томонидан аҳоли ўртасида ўтказаётган тушунтиришлар натижасида бугун ана шундай якка тартибда хусусий ишлаб келаётган кишилар ўзини ўзи билан банд қилганлар рўйхатидан ўтаётир. Кўпчиликни давлат рўйхатидан ўтиб ишлаганда пенсия жамғариш имконияти пайдо бўлиши қизиқтирмоқда.
Шароф Рашидов туманида яшовчи Сайёра Мирзаева кўп йиллардан буён томорқасида етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини бозорда сотиш билан шуғулланади. Вояга етган икки ўғли ҳам ҳунарманд, хусусий иш қилишади.
– Анча йилдан буён бозорда турган жойимга чек тўлаб, ишлашга ўрганиб қолдим, – дейди Сайёра опа. – Икки ўғлим ҳунарманд, улар ҳам ижара ҳақидан бошқа нарса тўламайди. Баъзан бизнинг пенсиямиз нима бўлади деб ўйлаб қолардик. Солиқчилар келиб тушунтириш беришдики, биргина ижтимоий солиқни тўлаш орқали иш стажига эга бўлиш мумкин экан. Бу биз учун кутилмаган яхши имконият бўлди. Учовимиз ҳам рўйхатдан ўтдик.
Уйида рўзғор юмушлари, болалар тарбияси билан шуғулланиб, бирор ҳунар билан оиласига даромад келтираётган аёллар анчагина. Уларнинг кўпчилигига айнан шундай ишлаш маъқул.
Жиззах шаҳрида яшовчи Ширин Муродова уйда тикувчилик билан шуғулланади. Ҳунари туфайли яшашидан рози.
– Пардалар, аёллар либосларини тикаман, – дейди у. – Даромадим ёмон эмас. Айниқса, уйда зиммасида рўзғор ишлари, болалар тарбияси бўлган мен каби болали аёлларга шу иш қулай. Солиқчилар келиб тушунтиришганидан сўнг июль ойида ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтдим. Энди менга иш стажи ёзилади. Уйда ўтириб, пенсиямни жамғараяпман.
Форишлик Фаттоҳ Юсупов ота касби чўпонлик билан шуғулланади. Отаси давлат, ширкат хўжаликлари қўйини боқиб пенсияга чиққан эди.
– Мен одамларнинг шахсий қўйини баҳордан қишгача боқиб бераман. Шу пайтга қадар менга ҳеч ким иш стажини юритиш, кексайганда пенсия нима бўлиши ҳақида тушунтирмаган эди. Солиқчиларга раҳмат. Мени топиб келиб тушунтириш беришди. Фақатгина битта солиқ турини тўлаб борсам, менга иш стажи ёзилар экан. Пенсия ёшига ҳали 12 йил бор. Бу менга жуда ҳам маъқул келди. Қонуний эканлиги ёқди.
Т. БEКНАЗАРОВ. ЎзА