«Барча олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти фанлари ўқитилади» деган хабардан сўнг...

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги қўлланилишини кенгайтириш, ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури»да белгиланган вазифаларга асосан 2019 йил охирида барча нофилологик ОТМларда ўзбек тили ва адабиёти фанларини ўқитишни йўлга қўйиш ҳамда кафедралар ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тақдим этилган айрим манбаларга асосан бугунги кунда 59 та олий таълим муассасасида Ўзбек тили ва адабиёти кафедралари тўлиқ фаолият олиб бормоқда. 2020/2021 ўқув йилидан 91 та олий таълим муассасасининг барчасида Ўзбек тили ва адабиёти кафедралари тўлиқ фаолият олиб бориши таъкидланган.
Йил бошидан буён барча оммавий ахборот воситалари, телевидение, ижтимоий тармоқлар “Энди барча олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти фанлари ўқитилади” деган хабарлар билан бонг урди. Ҳа, азизлар, ана энди она юртимизда она тилимизнинг мавқеи ва имкониятлари кенгаяди, бўлажак мутахассислар қанча тилни билишидан қатъи назар, биринчи галда ўз она тилида етук кадр бўлиши, соҳавий иш юритиш малакасига эга бўлиши талаб қилинади, деб жуда хурсанд бўлдик. Афсуски…
Хўш, деярли барча нофилологик ОТМларда ўзбек тили ва адабиёти кафедралари ташкил қилинди, режада белгиланган вазифа бажарилди, нега энди афсус?
Жорий йилнинг июль ойи бошларида ЎзР ОЎМТВ тизимидаги бўлинмалар, ҳудудий бошқармалар ҳамда таълим муассасаларида «Давлат тили тўғрисида»ги қонун ҳужжатларига риоя этилишини ўрганиш юзасидан комиссия таркибида Тошкент шаҳридаги бир қатор олий таълим муассасаларидаги ҳолатни ўргандик. Ўрганилган масалалар таркибида университетларда янги ташкил этилган ўзбек тили ва адабиёти кафедралари фаолияти, кадрлар ҳамда ўқув адабиётлари билан таъминланиши масалалари ҳам ўрин олган эди. Айтилганидай, кафедралар ташкил этилган, жиҳозланган, 8-10 та мутахассислар ҳам фаолият олиб бормоқда. Масалан, Тошкент давлат аграр университетида «Ўзбек тили ва адабиёти» кафедраси 2019 йил 16 декабрда университетдаги Тиллар кафедраси негизидан ажратилиб ташкил этилган. Кафедрада жами 11.25 штат бирлиги мавжуд бўлиб, шундан Ўзбек тили фанига жами 1517 соат учун 1,75 штат бирлиги ажратилган (2 штат ҳам эмас). Миллий гуруҳларда рус тили фани, қўшма таълим дастури асосида «Руский язык и култура речи» фани учун 10,414 соат учун 10,5 штат бирлиги ажратилган. (Салкам 11 штат). Худди шундай ҳолат Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент кимё-технологиялари институтида ҳам кузатилди. Маълумот учун чет тиллар кафедраси билан ҳам қизиқиб кўрдик, уларда ўртача 25та профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатади.
Энди бошимиздан дўппини бир олиб қўйиб мулоҳаза юритсак. Деярли барча бакалавр таълим йўналишларида чет (инглиз) тили фани 4-5та семестр давомида ўқитилади. Тўғри, бўлажак кадрларнинг чет тилини билиши муҳим, дунёга бусиз чиқиб бўлмайди. Хўп, майли, бунисига ҳам розимиз.
Деярли барча ОТМларда хорижий давлатлар университетлари билан қўшма таълим дастурлари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг ўқув режалари билан қизиқдик. Жумладан Россия билан қўшма таълим дастурларининг деярли барчасида «Руский язык и култура речи» фани, Корея билан таълим дастурларида «Корейс тили» фанлари киритилган. Табиий, ҳар бир давлат ёки миллат ўз манфаатларини биринчи галда ўз тили ва адабиёти, уни ўргатиш ва тарғиб қилиш орқали олиб киради. Майли, бунисига ҳам розимиз.
Энди гап юқоридаги шов-шувли хабардан кейин ҳам ўнгланмаган, нофилологик таълим йўналишларида инглиз тили, рус тили учун топилган «отнинг калласидай»соатлардан озгина бир қисми таркибида бўлсаям ўз давлатида ўрин тополмаётган ўзбек тили ҳақида. Янги ташкил этилган ўзбек тили ва адабиёти кафедраларининг исми жисмига монандми? Йўқ, чунки улардаги асосий ўқув соатлари бошқа тилларни ўқитишга мўлжалланган, арзимас қисминигина рус гуруҳларда ўзбек тили соатлари ташкил қилади. Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги Дастурида белгиланган миллий гуруҳларда ўқитилиши режалаштирилган «Нутқ маданияти», «Давлат тилида иш юритиш» фанларини ўқув режага киритиш ҳақида бирор аниқ топшириқ йўқ, шу сабаб мазкур фанларни қўшимча ёки танлов фанлари ҳисобидан киритиш бўйича фикрлар билдирилмоқда. Бошқа тилларни ўқитишга ўқув режада I блокда жой ва каттагина соат ажратилган ҳолда, ўз миллий ғуруримизни – тилимизни ўз давлатимизда «танлаб» ёки «қўшимча қилиб» ўқитиш қайси ҳамиятимизга мос келади? Азизлар, ўзбекларда «Меҳмон отангдан улуғ» деган гап бор. Мана шу ҳикматга асосан «меҳмон» тилларни ўқитишга ружу қўйиб, ўз миллий манфаатимизнинг тоғдай йўқотилишига жим қараб туришимизни нима билан оқлаймиз? Мана энди бунга рози эмасмиз, асло!
Янги ўқув йилидан таълим йўналишлари кредит-модул тизимига ўтаётганлиги, янги ўқув режада ёндош фанлар қисқартирилиб, мутахассислик фанларига асосий эътибор қаратилаётганлиги, шу сабабли ўқув режа ҳажмида инглиз тилига топилган ўрин ўзбек тилига топилмаётганлиги…. булар энди важ эмас. Ҳар бир давлатнинг миллий кадри унинг МИЛЛИЙ бойлигидир! Ўз соҳаси доирасидаги тил имкониятларини билиш, соҳавий илм тилини, терминологиясини, ўз соҳасида иш юритиш тилини билиши бу – мутахассислик фани талаби бўлмай, нима ахир?!
Юқоридаги мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда таклифларимиз қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги қўлланилишини кенгайтириш, ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури»да белгиланган ОТМларда ўзбек тили ва адабиёти кафедралари хусусида белгиланган вазифалар ижроси жиддий назоратга олиниши керак.
Барча нофилологик таълим йўналишларида ўзбек тилини умумкасбий фанлар билан интегратив тарзда, соҳага йўналтириб ўқитилишига жиддий эътибор қаратиш лозим.
Режада белгиланган 90дан ортиқ ОТМларда ташкил қилинган ва қилинадиган ўзбек тили ва адабиёти кафедралари учун бакалавриатнинг миллий гуруҳларида касбий нутқ маданияти, соҳа терминологияси ҳамда давлат тилида иш юритиш модулларини ўз ичига олган соҳавий ўзбек тили фанлари ўқитилиши 2020-2021 ўқув йилидан йўлга қўйилиши лозим.
Ўзбек тилини соҳага йўналтириб ўқитиш бўйича фан дастурини ишлаб чиқиш учун малакали кадрлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиши ва мазкур дастур мазмуни замон талабларига мос тарзда тузилишига жиддий эътибор қаратилиши лозим (Янги ўқув йилига жуда оз фурсат қолганлигини ҳисобга олган ҳолда).
Мазкур вазифаларнинг ечими яқин истиқболда миллий кадрлар тайёрлаш тизимида туб сифат бурилишига олиб келади, ўзбек тили яқин келажакда тўлақонли илм-фан тилига айланади; бугун тинимсиз жар солаётган оғриқли нуқталаримизнинг анчаси бартараф бўлади, деб умид қилишимизга имконият яратилади.
М.Сапарниязова, Алишер Навоий номидаги
 
ТошДЎТАУ доценти

 

ЎзА