ЖССТ Ўзбекистонга қиймати 4 миллион доллардан ортиқ инсонпарварлик юкини етказиб берди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси Бирдамлик ва «COVID-19»га жавоб бериш глобал жамғармаси орқали ташкилот Бош қароргоҳи томонидан харид қилинган, умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларидан ортиқ ва умумий оғирлиги 85 тоннага яқин бўлган инсонпарварлик юкини «COVID-19» пандемиясига жавоб чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикасига етказиб берди.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида Инсонпарварлик юкини жўнатиш икки босқичда амалга оширилди. Биринчи қисм Тошкентга 8 июлда етиб келган бўлиб, ундан юз учун 619 400 та ҳимоя қалқони ва 2 176 000 дона жарроҳлик ниқоби ўрин олган. Иккинчи партия пойтахтга 17 июлда етказиб берилди. У шахсий ҳимоя воситалари, жумладан, ҳимоя кўзойнаги (95 200 дона), ҳимоя халатлари (178 000 дона), жарроҳлик ниқоблари (12 000 дона), KN95 респиратор ниқобларидан (1 064 000 дона) иборат эди.Юк Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига топшириш учун мўлжалланган.
БМТ нинг Ўзбекистондаги вакиллиги ахборотида қайд этилишича, олинган инсонпарварлик юки Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Ўзбекистонга кўрсатилаётган ёрдамнинг бир қисмидир.

 

ЎзA