Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Ўзбекистон раислигида МДҲ Иқтисодий кенгаши қошидаги Иқтисодий масалалар бўйича комиссия мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда МДҲга аъзо мамлакатларнинг ваколатли вакиллари ҳамда тегишли дипломатик миссиялар, шунингдек МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбарлари ва вакиллари иштирок этдилар.
Кун тартибига мувофиқ, 21 та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Мажлис давомида «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 2020 йилгача бўлган даврда Иқтисодий ривожланиш стратегияси амалга оширилишининг асосий якунлари тўғрисида ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 2030 йилгача бўлган даврда Иқтисодий ривожланиш стратегиясининг биринчи босқичи (2021-2025 йиллар)ни амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси лойиҳаси тўғрисида», «МДҲ иштирокчи мамлакатларининг 2030 йилгача бўлган даврдаги давлатлараро инновацион ҳамкорлик дастури лойиҳаси тўғрисида», «МДҲ иштирокчи мамлакатларининг жамиятни рақамли ривожлантириш соҳасидаги ахборот ҳамкорлиги ҳақидаги битим лойиҳаси тўғрисида»ги дастурий ҳужжатлар муҳокама қилинди ва тасдиқланди.
МДҲ мамлакатларининг 2030 йилгача бўлган даврда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги Ҳамкорлик дастури ва мазкур ҳужжатнинг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси (2021-2025 йиллар) лойиҳалари ҳамда бошқа қатор масалалар кўриб чиқилди.
Комиссия томонидан тасдиқланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Иқтисодий кенгаш ва МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашига юборилади.