Карантин қоидаларини бузганликда айблашса...

Долзарб саволларга тезкор жавоблар
Бу борада тузилган баённомадан норози бўлган фуқаролар амалдаги қонунчиликка кўра ўз ҳақ-ҳуқуқларини бузилган деб ҳисобласа, белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.
Бу изоҳга қўшимча қилган Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева янада кенгроқ тушунтириш берди.
– Ўзбекистон Республикаси Олий суди Президиумининг қарорига асосан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида фуқаролар ҳужжатларини судга фақат электрон шаклда ёки почта орқали тақдим этишлари тавсия этилган.
Шунингдек, судларга буйруқ тартибида иш юритишни ҳал қилишга доир бир қатор ишларни кўриб чиқиш тайинланган. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, фуқароларни тиббиёт муассасаларига жойлаштириш, маъмурий қамоққа олиш, фуқароларни руҳий касалликлар муассасасига мажбурий жойлаштириш кабилар шулар жумласидандир.
– Ҳозирда тадбиркорлик субъектларининг дори воситалари ёки тиббий буюмларни импорт қилиши бўйича қонунчиликда бирор имтиёз мавжудми?
– Коронавирус инфекцияси кенг тарқалишига қарши курашишда мамлакатда дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар тақчиллигининг олдини олиш, касалланган беморларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида COVID-19 инфекциясини даволашда қўлланиладиган тиббий буюмлар, тиббий техникалар, дори воситалари ва биологик фаол моддаларни юртимизга олиб кириш тартиби соддалаштирилди.
Унга кўра жорий йилнинг 1 октябрига қадар 84 турдаги тиббий буюмлар ва тиббий техникалар, жумладан кислород концентраторлар, пульс оксиметрлари ҳамда цинк, магний, селен ёки витамин «Д» моддаларини сақловчи биологик фаол қўшимчалар импорт қилинганда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва мажбурий сертификатлаштирилмасдан божхона расмийлаштируви амалга оширилади (импорт қилинганда) ва реализация қилинади.
Шунингдек, 46 турдаги дори воситалари импорт қилинганда 5 кунлик муддатда сертификатлаштириш асосида божхона расмийлаштируви амалга оширилади ва реализация қилишга рухсат берилди.
– 12 ёшга тўлмаган фарзанди бўлган ёлғиз онани иш берувчи иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги меҳнат таътилига чиқариши қанчалик қонунларимизга мос келади?
– Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 150-модда 1-қисмига кўра ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади.
Шунингдек, айрим тоифадаги шахсларга, жумладан ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган ёлғиз аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолдаги таътил муқаррар тартибда берилади
Демак, иш берувчи сизнинг розилигингизни олмасдан иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилига чиқариши мумкин эмас.

 

ЎзА