Фуқароларнинг бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарорига илова қилинган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомда белгилаб берилган.
Мазкур низомнинг тегишли бандларига асосан, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки бундай қарорларни қабул қилиш учун фуқаролар йиғини томонидан ваколат берилган комиссия томонидан қабул қилинади. Яъни сиз фарзандингиз учун бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олиш мақсадида ўзингиз яшаб турган фуқаролар йиғинига ўрнатилган тартибда мурожаат қилишингиз лозим.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 майдаги қарорига биноан «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, бундан буён нафақа ва моддий ёрдам олиш учун бир оила таркибига улар билан биргаликда яшайдиган болаларнинг бобо-бувилари киритилмайди. Аниқроқ айтганда, оила даромадларини аниқлашда уларнинг пенсия маблағлари ҳисобга олинмайди.
Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги штабида бўлиб ўтган брифингда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева маълум қилди.
Бундан хулоса шуки, оилангиз таркибида пенционер фуқаролар бор-йўқлигидан қатъий назар, сиз ўзингиз яшаб турган фуқаролар йиғинига 2 ёшга тўлмаган фарзандингиз учун нафақа олиш мақсадида мурожаат қилишингиз мумкин.
ЎзА