Нархни оширган таксичилар жазоланади(ми)?

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан 10 июлдан яна жамоат транспортлари ҳаракати тўхтатилди. Бу эса ўз-ўзидан йўналишсиз таксиларга бўлган эҳтиёжнинг кескин ошишига сабаб бўлмоқда. Аммо, йўловчи ташиш билан шуғулланувчи аксарият корхона ва уларнинг ҳайдовчилари йўл ҳақларини жуда ошириб юборгани кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.
– Жамоат транспорти бўлган автобус ва метрога тарифлар ҳокимлик қарори билан қабул қилинади, – дейди Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев. – Таксиларда эса йўл ҳақи ташувчи ва йўловчи ўртасидаги ўзаро келишувга асосан белгиланади. Бироқ, айрим такси хизмати корхоналари ва ҳайдовчилари мураккаб вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда.
Ана шундай салбий ҳолатларга йўл қўймаслик, халқимизни, хусусан, пойтахт аҳолисини карантин даврида ижтимоий ҳимоялаш, молиявий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келишларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари назорат ҳамда мониторинг тадбирларини мунтазам ўтказмоқда.
Натижада 10 июлдан бугунги кунга қадар йўл ҳақини асоссиз оширган ёки тендер шартномаси талабларини бузган 25 юридик корхонага маъмурий чоралар қўлланилди. 64 та йўналишсиз таксининг лицензия варақалари бекор қилинди. Бундан ташқари ўнга яқин юридик корхонага чора кўриш ва 21 таксининг лицензиясини бекор қилишга доир ҳужжатлар судга тақдим этилди.
Аксарият ҳолатларда автомобилларнинг эркин ҳаракатланишига рухсат берилган вақт оралиғида ноқонуний тарзда, яъни махсус лицензияга эга бўлмаган ҳолда йўловчи ташиётган «киракашлар» нархларни ошириб юбораётгани ҳам фуқароларнинг асосли шикоятларига сабаб бўлмоқда.
Ана шундай ҳолатларни инобатга олиб шаҳримиз аҳолиси, хусусан йўловчилар такси хизматига эҳтиёж туғилганда имкон қадар мобил иловалар орқали лицензияли таксиларга буюртма беришгани маъқул. Чунки, фаолиятини қонуний тарзда ташкил этган таксилар ҳар куни дезинфекциядан ҳамда техник кўрик, ҳайдовчи эса тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу эса йўловчи хавфсизлигини ҳар тарафлама таъминлашда муҳим омиллардир.
Зеро, таксилар билан боғлиқ турли ҳолатлар юз берганда, буюмингизни унутиб қолдирсангиз ёки унинг нархи ҳамда хизматидан кўнглингиз тўлмаган вазиятларда транспорт воситалари ва уларнинг мутасаддиларини топиш ҳамда чоралар қўллаш имкони бўлади.
Ноқонуний таксиларнинг хавфсизлигига эса ҳеч ким кафолат бермайди. Қолаверса, бирор бир нохуш ҳолат юз берганда уларни жавобгарликка тортиш ёки чора кўриш бироз мураккабликни келтириб чиқариши ҳам бор гап.

 

Сайёра Шоева, ЎзА