Ўзбeкистон элчиси Португалия прeзидeнтига ишонч ёрлиғини топширди

Ўзбекистон Республикаси Элчиси Сардор Рустамбоев 2020 йил 20 июль куни Лиссабон шаҳрида Португалия Республикаси Президенти Марсело Ребело де Соузага ишонч ёрлиғини топширди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги сайтида маълум қилинган.

Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбатда Португалия Президенти Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жадал ва изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади.Марсело Ребело де Соуза Ўзбекистон Президенти билан 2019 йил апрель ойида Пекин шаҳрида «Бир макон – бир йўл» саммити доирасида бўлиб ўтган самимий учрашувни эслаб, давлатимиз раҳбарига чуқур ҳурматини ҳамда эзгу тилакларини изҳор этди.

Португалия раҳбари ҳамкорлик кун тартибидаги масалалар, минтақавий ва халқаро тузилмалар доирасидаги муносабатларнинг кенг қамровли жиҳатлари юзасидан фикр алмашар экан, ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлаш тарафдори эканини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Францийадаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ҳисобланадиган Сардор Рустамбоев томонидан 2018 йил сентябрь ойида Францийа президенти Эмануэл Макронга ишонч ёрлиғи топширилган эди.

Сардор Рустамбоев бир вақтнинг ўзида мамлакатимизнинг Португалиядаги элчиси вазифасини ҳам бажаради.

 

ЎзА