Лотин Америкасида коронавирус билан боғлиқ вазият жуда ташвишли экани айтилмоқда

Мазкур минтақада коронавирус инфекциясини юқтириш ва унинг фаол тарқалиши таҳдиди ҳамон юқорилигича қолмоқда, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда вазиятлар бўйича дастур директори Майкл Раян Женевада ўтказилган брифингда.
«Лотин Америкасидаги қарийб барча мамлакатларда одамлар орасида инфекция юқтириш эҳтимоли ҳамон катта. Юқиш даражаси бир мамлакатда барқарорлашса, бошқасида ортиб бормоқда. Боливия, Колумбия ва бошқа бир қатор мамлакатларда мураккаб вазиятга гувоҳ бўлмоқдамиз, чунки бу мамлакатларда инфекцияни юқтириш миқдори охирги ҳафталарда жадал ўсмоқда. Буларнинг барчаси Лотин Америкасида COVID-19 нинг одамлардан одамларга фаол юқиши хавфли тус олганини билдиради», – деди у.
Ўз навбатида, ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебреесус ҳам маҳаллий халқлар, жумладан Америка қитъасидагилар ҳам вирус тарқалиши хавфи олдида ожиз қолаётганини хавотир билан қайд этди.
«Маҳаллий аҳоли шундоқ ҳам қашшоқлик, ишсизлик, тўйиб овқатланмаслик ва турли юқумли бўлмаган хасталиклар таҳдиди остида кун кўради. Энди эса улар COVID-19 олдида ожиз қолмоқда», – дея таъкидлади у.
ЖССТ маълумотларига кўра, Америка қитъасида маҳаллий халқлар орасида 70 минг кишида коронавирус аниқланган, икки мингдан зиёд киши вафот этди. Масалан, яқинда Пера Амазониясида истиқомат қиладиган элатларнинг бирида коронавирус билан боғлиқ олтита ҳолат аниқланган.

 

ЎзА