Олий Мажлис Қонунчилик палатасида

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг кластерлар фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, фермерлар билан муносабатларини тўғри йўлга қўйишнинг механизмларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича ахбороти эшитилди.

Видеоконференция тарзида ўтказилган эшитувда қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, вазирликнинг ғалла кластерига масъул бошқа мутахассислари ва бир қатор ғалла кластерлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Республикада 200 минг гектар майдонда ғалла кластерлари ташкил этиш режалаштирилган. 2019 йил охирида 117,2 минг гектар ерда фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномалари асосида ҳамда 40,4 минг гектар ер кластерларнинг ўзига ажратиб берилиб, жами 124 та ғалла кластери ташкил этилган.

Вазир ўринбосари соҳада йиғилиб қолган муаммоларга тўхталди. Кластерларнинг мавжуд ҳолати ўрганилганда, 124 та ғалла кластеридан 46 тасида ишни йўлга қўйиш учун зарурий инфратузилма тўлиқ мавжуд. Иш юритиш учун зарурий инфратузилма ва имкониятларга эга бўлмаган кластерлар фаолияти тугатилган.

Ўз навбатида, ғалла кластерлари раҳбарлари, жумладан, Сирдарё вилоятидаги “Сайхун караван” МЧЖ раҳбари М.Холмуратов, Тошкент вилоятидаги “TCT-Agrocluster” МЧЖ аъзоси М.Саидов, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги “Тўрткўл нон” МЧЖ ғалла кластери раҳбари Ш.Каримбоев, Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Waves Investment” МЧЖ ғалла кластери раҳбари С.Авезовлар жорий йилда иш фаолиятларини бошлагани, ғалла топшириш режасини бажарганликларини билдириб, фаолиятларида дуч келаётган муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди.

Эшитувда муаммолар билан бирга уларнинг ечимига қаратилган аниқ ва конструктив таклифлар ҳам илгари сурилди. Масалан, Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Waves Investment” МЧЖ ғалла кластери томонидан донни қайта ишлаш ва бошқа корхоналар ташкил этилгани қайд этилиб, ғаллачилик кластерлари амалиётидаги муаммоларни жойида ҳал қилиш мақсадида кластер раҳбарлари ва соҳанинг етук мутахассисларидан иборат маслаҳат кенгаши тузиш таклифи билдирилди.

Ўз навбатида, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 мартдаги “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича ғалла кластерларида иш янгича ва оқилона ташкил этилиши зарурлиги, ҳосилдорликда ижобий натижалар қайд этилиши ва босқичма-босқич кластерлар дон маҳсулотини қайта ишлаш улушини ошириб бориши кутилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Депутатлар томонидан ҳам кластерлар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларга қўшимча имкониятлар берадиган амалий таклифлар билдирилди. Масалан, ғалла кластерларида ҳосилдорликни ошириш ва умумий харажатларни камайтириш, экин майдонлари унумдорлигини табиий ўғит билан таъминлаш учун ғалла кластери таркибида чорвачилик комплексларини ҳам ташкил этиш зарурлиги айтилди.

 

ЎзА