Шанба ва якшанба кунлари ишга велосипедда борганлар жаримага тортилмайдими?
Шу ва бошқа долзарб саволларга ИИВ ЙҲХББ матбуот котиби Азизхон Муродов жавоб беради.
— Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра жорий йилнинг 18-19 июль ҳамда 25-26 июль (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида юртимиз миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
Ушбу бандда назарда тутилган чекловлар махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 июлдаги 34-сон йиғилиш баёни билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Мазкур баённинг 4 бандига асосан давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга 18-19 июль ҳамда 25-26 июль кунлари ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш тавсия этилиши белгилаб берилган.
6 ёшли набирам Тошкентдаги Эндокринология марказида қандли диабет касаллиги бўйича даволанмоқда. Муолажалар тугаб уйга жавоб берилса, Фарғонадан бориб, олиб келишим учун қандай ҳужжатлар керак?
— «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг «Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати»нинг 3-бандига кўра, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатига махсус рухсатномалар талаб этилмайди.
Яъни сиз шифокорларнинг маълумотномасини олишингиз ва шундан сўнг Фарғона вилоятидан келиб набирангизни Тошкент шаҳридан олиб кетишингиз мумкин.
Карантин вақтида юк машиналарига тупроқ, ғишт каби қурилиш маҳсулотлари ташишга рухсат бериладими?
— «Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати»да N1, N2 ва N3 тоифага кирувчи автотранспорт воситалари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларининг ҳаракатланишига рухсат этилган.
Эслатиб ўтамиз, N1, N2 ва N3 тоифадаги транспорт воситалари бу юк автомобилларидир. Юк автотранспорт воситалари учун йўл патруль хизмати масканлари, блок ва тўсиқ постларда алоҳида йўлаклар ташкил этилган.
ЎзА