Карантин қоидаси бузилганда маъмурий жарима қандай қўлланилади?

Пандемия муносабати билан карантин қоидалари жорий этилган. Бу қоидалар бузилганда маъмурий жазо чоралари қандай қўлланилиши ҳақида ҳамма ҳам яхши билмайди. Айримлар маъмурий жазо чоралари Махсус комиссия қарори асосида қўлланилади, деган фикрда.
Адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икромов бунга аниқлик киритди:
– Карантин тадбирларини ва санитар қоидаларни бузганлик учун жарималар Махсус комиссия қарори асосида эмас, балки фақат Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик кодексга мувофиқ қўлланилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш тегишли жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатилган.
«Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари давлат органлари ҳамда бошқа органлар, юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасидаги талабларни белгилайдиган ҳужжатлардир.
Махсус комиссия ўз ваколатлари доирасида чекловчи тадбирлар (яъни карантин) киритишга ҳақли эканлигини инобатга олсак, ушбу талабларнинг барчаси Ўзбекистон ҳудудида мажбурий ижро қилиниши лозим.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Махсус комиссия қарорларини бузган фуқароларни жавобгарликка тортиш ҳуқуқий асосга эга ва қонунчиликка мувофиқ, дейиш мумкин. Фақат жазо қўллаш ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

 

Муаттар Рўзибоева, ЎзА