Ўзбекистондаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари тўғрисида

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказидан маълум қилишича, 2020 йил 30 июнь ҳолатига кўра юртимизда истеъмол саватидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари кўриб чиқилди. 
Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди: гўшт ва сут маҳсулотларининг энг юқори нархи Тошкент шаҳрида қайд этилди.
Шундай қилиб, 1 кг. мол гўштининг нархи Тошкент шаҳрида 64 350 сўм ва Тошкент вилоятида 55 797 сўмни ташкил этди. Мол гўштининг энг паст нархи Қорақалпоғистон Республикасида – 44 416 сўм ва Сурхандарё вилоятида – 46 599 сўмни ташкил этди. Республиканинг бошқа ҳудудларида нархлар ушбу кўрсаткичлар орасида турлича бўлган.
Маълумот учун: юртимизда мол гўштининг ўртача нархи (1кг.) 50 474 сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоиз ёки 10 минг 998 сўмга ўсишган. Қўй гўштининг ўртача нархи 34 фоизга ошиб, 52 483 сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврида 39 863 сўмга тенг бўлган. Тухум нархи агарда 10 дона мисолида оладиган бўлсак, 48 фоизга ўсди ва 8 322 сўмни ташкил этди, ўтган йили бу 5 605 сўм эди. 1 кг. балиқ нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга тушди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сабзавот нархларида (картошка ва бодринг бундан истисно) пасайиш кузатилди. Яъни тез бузиладиган маҳсулотларга талаб пасайиб, бундай маҳсулотлар нархи пасайган.
Мисол учун, пиёзнинг ўртача нархи (1кг.) 2020 йил 30 июнда 1 569 сўм (га тушган ўтган йилнинг мос даврига нисбатан -45 %), карам (1кг.) 1 151 сўм (-37 %), сабзи (1кг.) 2 108 сўм (-15 %), помидор (1кг.) 3 601 сўмни ташкил этган. Картошканинг ўртача нархи (1 кг.) ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 59 % га ошди ва 3 612 сўмни ташкил этди. Бодринг нархи 23%га ошди ва 1 кг. 2 527 сўмни ташкил этди.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан полиз экинларининг ўртача нархи ўсиши кузатилди. Бунда тарвузнинг ўртача нархи 19 фоизга, узум 37 фоизга, қовун ва қовоқ 17 фоизга ўсди.
Бошқа маҳсулотлар билан таққослаганда дуккакли маҳсулотларнинг нархи барча маҳсулотларга қараганда сезиларли даражада ошди. Яъни, мазкур турдаги маҳсулотларга аҳоли талаби сезиларли ошди. 2019 йилда ловия (1кг.) 8 614 сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 30 июнь ҳолатига 15 729 сўмни ташкил этган. Демак ўсиш 83 фоиз. Мош 46 фоизга, нўхат нархи эса 4 фоизга ўсди.

 

ЎзА