Чўкаётган 8 ёшли бола қутқарилди

Нукус шаҳрида сувга чўкаётган икки нафар фуқаронинг бири 8 ёшли бола қутқариб қолинди, иккинчиси эса вафот этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ОАВ ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар гуруҳининг раҳбари, катта лейтенант Айбек Абдираҳмановнинг ЎзА мухбирига хабар беришича, жорий йилнинг 6 июнь куни тахминан соат 21.00 лар чамасида Нукус шаҳри “Жийдали Бойсун” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи каналдан сузиб ўтмоқчи бўлган 1984 йилда туғилган, Шуманай туманида истиқомат қилувчи У.Е. ва 2012 йилда туғилган, Нукус шаҳрида яшовчи Т.Б. чўка бошлаган.
Воқеа жойига яқин бўлган Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлим бошлиғи, подполковник Радмир Чимбергенов ва ушбу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Мурат Хабиповлар зудлик билан уларга ёрдам беришга ҳаракат қилган. Натижада чўкаётган ёш ўсмир қутқариб қолинган бўлса, иккинчисини қутқаришнинг имкони бўлмаган.
Дастлабки маълуматларга кўра, фуқаро У.Е. спиртли ичимлик таъсирида бўлган. Қутқариб қолинган ёш ўсмирга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва тегишли хизматларга хабар берилган.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА