Нукус шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходими, беш нафар фарзанднинг онаси Карима Пирназарова «штат қисқарди» деган баҳона билан ишдан бўшатилди. Тўғри, марказ раҳбарияти бошланғич касаба уюшмалари ташкилоти билан келишилган ҳолда огоҳлантирилди. Аммо, марказнинг санитария-гигиена лабораторияси озиқ-овқат текшириш бўлимида шифокор-лаборант лавозимида 20 йилдан буён ишлаб келаётган ходимнинг бирдан ишдан бўшатилиши ажабланарли.
– Бу мен учун кутилмаган зарба бўлди, – дейди Карима Пирназарова. –Энди оиламни қандай қилиб боқаман, деган фикр ҳеч тинчлик бермас эди. Катта қизим Россияда талаба. Хорижий давлатларнинг бирига иш излаб кетсаммикан деган фикрлар ҳам бўлди. Шундай пайтларда ёши улуғ опаларимнинг беминнат маслаҳати асқатди. «Фарзандларингни ташлаб кетма, уларнинг эртанги тарбияси қандай бўлади. Ўз қонуний ҳуқуқингни талаб қилиб судга даъво аризаси ёз. Оилавий шароитингни албатта ҳисобга олади», – деб қўллаб-қувватлади.
Айримлар эса фойдаси йўқ. Суд ишга тиклай олмайди. Сизга ўхшаб ишдан бўшаганлар қанча, – деб уйғониб келаётган умидимни сўндиришга уринди.
Шундай қилиб Нукус шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик марказига ишга тиклаш, мажбурий бўш юрган кунларим учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириб беришни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига даъво аризаси киритдим. Ушбу даъво аризам суднинг 2020 йил 26 февраль кунги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
«Енгилган курашдан тўймас» деганларидек, умид билан Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судига аппеляция шикояти билан мурожаат қилдим. Ушбу иш жорий йилнинг 7 май куни аппеляция инстанция ҳайъатида раҳбарлик қилувчи С. Қайипназарова, аъзолари З.Бобожонова ва А.Аяповлар таркибида кўриб чиқилди.
Ҳайъат аъзолари маърузани, томонларнинг, прокурорнинг биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъво аризани қаноатлантириш ҳақида янги ечим қабул қилиш борасидаги фикрларини тинглади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 103-моддаси 1-қисмида технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилиши қайд этилган.
Шунга асос биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва даъво аризани қисман қаноатлантириш лозим деб топилди. Аппеляция инстанция ҳайъати ажрими билан Нукус шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг К.Пирназарова билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 2019 йил 30 декабрдаги 145–буйруғининг 48–параграфини бекор қилиш, даъвогар К.Пирназаровани ушбу марказнинг санитария-гигиена лабораторияси шифокор-лаборант лавозимига 2020 йил 3 январдан бошлаб тиклаш, жавобгар Нукус шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик марказидан даъвогар К.Пирназарованинг фойдасига 12 миллион 388,3 минг сўм иш ҳақи ва 3 миллион сўм маънавий зарар ундириш белгиланди.
– Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди деганлари ҳақ гап экан, – дейди Карима Пирназарова. – Менинг узоқ йил бир соҳадаги меҳнатимни ҳисобга олиб ишга қайта тиклаган фуқаролик ишлари бўйича судига миннатдорлик билдираман. Уларнинг ҳақиқатни тиклаганлиги боис ўзимнинг севимли касбимда ишимни давом эттираяпман.
Жорий йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда танқидий муҳокама қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйилади ва фаолиятига баҳо бериб борилади. Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида ишга тиклаш бўйича 101 та иш кўриб чиқилиб, шундан, 44 та даъво ариза қаноатлантирилган.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА