Корея ташқи ишлар вазири билан музокаралар ўтказилди

Бугундан Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Сеул шаҳрига ташрифи бошланди. Делегация раҳбари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ташриф доирасида дастлаб Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан учрашди.
Учрашув чоғида икки томонлама шерикликнинг кенг кўламли масалалари, шунингдек, устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. Корея Республикаси Президентининг 2019 йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширилган ташрифи туфайли эришилган мамлакатлараро мулоқотнинг юқори даражаси таъкидлаб ўтилди. Ташриф давомида қатор битим ва шартномалар имзоланди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан дунёда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича энг катта муваффақиятга эришган давлатлардан бири сифатида эътироф этилган Кореянинг бу борадаги илғор амалиётини Ўзбекистонда жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, пандемияга қарши курашда халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мувофиқлаштиришга келишилди.
photo_2020-07-06_23-11-00.jpg
Бундан ташқари, ҳукумат ва вазирлар даражасида икки томонлама тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Корея Бош вазирлари ўринбосарларининг 3чи йиғилиши, ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Корея ҳукуматлараро қўмитанинг навбатдаги 10 чи йиғилиши, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги бизнес-форум шулар жумласидан.
Учрашув якунида мамлакатлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди ва умумий вазифаларни бажариш учун биргаликдаги фаолиятни давом эттириш бўйича ҳар икки томон тайёрлиги таъкидланди.

 

ЎзА