АҚШ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи тўғрисида

29 июнь – 1 июль кунлари АҚШнинг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод ва АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси бош ижрочи директори Адам Бойлернинг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг сайтида хабар берилди. 
Ташриф дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, ташқи ишлар, инвестициялар ва ташқи савдо, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликларида икки томонлама музокаралар ўтказиш кўзда тутилган.
Бўлажак учрашувлар давомида Афғонистондаги тинчлик музокаралари жараёнини қўллаб-қувватлаш масалалари, Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси маблағларини Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилинади.
АҚШ делегацияси 30 июнь куни видеоконференцалоқа орқали бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – АҚШ” («С5+1») шаклидаги вазирлар учрашувида ҳам иштирок этади.

 

ЎзА