Ўқувчи ёшларнинг бўш вақти мазмунли ўтади

Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги «Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ўқувчи ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва ўсиб келаётган авлоднинг ижодий қобилиятларини аниқлаш ва ривожлантириш, шу билан бирга ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта муҳим ташаббус амалиётга татбиқ этилмоқда.
Қарорга мувофиқ «Баркамол авлод» Республика ва ҳудудий марказлари негизида «Баркамол авлод» болалар мактаблари ташкил этилди. Мазкур мактабларнинг асосий вазифаси болаларнинг эҳтиёж ва қизиқишига кўра уларнинг ижодий, бадиий қобилиятини ривожлантириш, фойдали дам олишини ташкил этиш, меҳнатсеварликни, касб тайёргарлигининг дастлабки ўқув кўникмаларини сингдиришдан иборат. Шунинг билан бирга, фан ва техникани ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига мувофиқ техник воситалар ва компьютер технологиялари ишини ўрганишни ташкил этган ҳолда болалар техник ижодкорлигини ривожлантириш, болалар томонидан жонажон ўлка тарихи, археологик ва маданий мерос чуқур ўрганилиши, мамлакатимизнинг табиий бойликлари билан таништириш ҳамда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги асосий билимларини такомиллаштириш бўлиб ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, мактабдан ташқари таълим тизимига илғор педагогик усул ва услублардан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқитишнинг янги шакллари кенг жорий этилмоқда.
Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 1 та Республика «Баркамол авлод» болалар мактаби, 17 та туман ва шаҳар «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолият кўрсатмоқда. 2019-2020 ўқув йили давомида мактабларда жами 504 та тўгаракда 6-18 ёшдаги 13296 нафар ўқувчи қамраб олинди.
photo_2020-06-29_12-58-28.jpg
Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги «Баркамол авлод» болалар мактаблари томонидан жорий йил давомида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўқувчилар таълим олиш билан бирга шаҳар ва туман, Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимиз ва халқаро миқёсда ўтказиб келинаётган кўргазма, кўрик-танлов ва фестивалларда фаол иштирок этиб келмоқда. Айниқса, мактаб ўқувчиларининг ҳар бир чоракда бериладиган таътил кунларда марказларда ҳар хил кечалар, учрашувлар, кўрик-танловлар ташкил қилинди.
«Баркамол авлод» болалар мактабида ўқувчиларнинг қизиқишларига кўра тўгаракларни ташкил этиш ва доимий фаолият олиб боришини таъминлаш мақсадида 2019-2020 ўқув йили давомида ҳар ойда Республика «Баркамол авлод» болалар мактабининг 38 та тўгарагига 1034 ўқувчи қамраб олинди ва мактабдан ташқари таълим берилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиялогик осойишталикни таъминлаш юзасидан барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинди.
Пандемия шароитида таълим жараёнларини ташкил этиш, жорий ўқув йилини якунлаш ва янги 2020-2021-ўқув йилига ҳар томонлама сифатли тайёргарлик кўриш, шунингдек, масофавий таълимни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, «Баркамол авлод» болалар мактабида «online-maktab«, »online-toʼgarak» лойиҳаси доирасида ўқувчиларнинг ёзги таътил даврида бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ташкил этиш «инглиз тили», «техник ижодкорлик», “мусиқа» ва бошқа ижодий тўгараклар ташкил этилган. Ҳозирги кунда «Баркамол авлод» болалар мактабида «online-toʼgarak» лойиҳаси доирасида 16 та тўгарак фаолият юритмоқда ва ушбу йилнинг июнь ойи 15 санасидан Қорақалпоғистон телевидениеси томонидан «online-toʼgarak» дастурлари олиб борилаётир.
–Ҳозирги кунда ўқувчиларимиз давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил қилинган «Беш ташаббус – уйимизда» деб номланган кўрик танловларга қатнашмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги «Баркамол авлод» болалар мактаби директори ўринбосари Қадирбой Исмоилов. – Ўқувчи ёшларнинг ижодкорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мусиқа ва санъат, рақс соҳасидаги маҳоратларини аниқлаш мақсадида ташкил қилинган «Саҳна қироли» танловига мактабнинг «Рақс» тўгараги аъзоси Гулхумор Омонбоева, «Эстрада вокал» тўгараги аъзоси Равшанбек Камалов, «Дутор» тўгараги аъзоси Назлимхон Умирбекова қатнашди ва яхши кўрсаткичларга эга бўлди.
Ўқувчи-қизларнинг пазандалиги, уй ишлари, таом пишириш жараёни, тикувчилик бўйича маҳоратларини аниқлаш мақсадида ташкил қилинган «Йилнинг энг ораста қизи» видеоролиги танловида мактабнинг «Ёш пазанда» тўгараги аъзолари Сарвиноз Тўлегенова, Сарвиноз Махамбетгалиева ва Асия Қадиржановалар ташкилотчилар томонидан «Энг яхши видеоролик» номинациясида ғолиб бўлди.
Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказилган «Бахтли юртнинг – бахтли болалари» расмлар танловида мактабнинг «Тасвирий санъат» тўгараги аъзоси Омонбой Тулегенов, «Ёш пазанда» тўгараги аъзоси Албина Махамбеталиева, Севара Жуманиязова, Муштарийбегим Юнусовалар ўзларининг «Бахтли болалик» номли фото ва расмлари билан қатнашди.
Ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг китоб ўқишга қизиқишларини орттириш мақсадида мактаб кутубхонасида онлайн тарзда «Виртуал кутубхона» гуруҳи фаолият юритмоқда. Бу гуруҳда мактаб кутубхоначиси томонидан «Мен севган китоб», «Ҳафтанинг энг яхши китобхон ўқувчиси» мавзуларида викторина ўйинлари ўтказилиб келинмоқда. Бу викторина ўйинларига мактабнинг «Инглиз тили» тўгараги аъзоларидан Ойсулув Жолдасбоева, Саида Уснатдинова, Нурсулув Жанабергеновалар фаол иштирок этди.
Яқинда чорвачиликка ихтисослашган Бўзатов туманида ҳам «Баркамол авлод» болалар мактаби ташкил этилди. Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказиш мақсадида барча мактабларда 78 соатлик мактабдан ташқари таълим ўқув дастури доирасидаги тўгараклар ўз фаолиятини бошлади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА