Халқ дипломатияси элларни бир-бирига яқинлаштирмоқда

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази фаолият бошлаганига икки йил тўлди. Миллий матбуот марказида шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази 2018 йил 26 июнда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан очилган. Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо давлатлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, жамоат, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш белгиланган.
Айни мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқаришда марказ ШҲТ давлатларининг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари, БМТ, ЕХҲТ, ЮНЕСКО каби йирик халқаро ташкилотлар, шунингдек, бошқа кўплаб хорижий тузилмалар билан мунтазам мулоқот ўрнатган.
Ўтган давр мобайнида марказ томонидан халқлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш мақсадида маданият, таълим, фан ва техника соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилди. “Дунё болалар нигоҳида” расмлар кўргазмаси, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида ташкил этилган “Рангларнинг сеҳрли олами” болалар расмлари онлайн-кўргазмаси, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган “Халқ хотираси муқаддас”, деб номланган архив фотосуратлари кўргазмаси, ШҲТ ташкил этилганининг 19 йиллиги арафасида юртимиздаги олий ўқув юртлари талабалари ўртасида уюштирилган “Халқ дипломатияси – жаҳонда тинчлик сари йўл!” мавзусидаги онлайн-иншолар танлови, турли долзарб мавзулардаги давра суҳбатлари, илмий-амалий семинарлар, спорт мусобақалари, кино ҳафталиги ва бошқа тадбирлар шулар жумласидан.
Эътиборлиси, Халқ дипломатияси маркази ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирлар иштирокчиларининг аксарияти болалар ва ёшлар. Демак, тузилма фаолиятидан кўзланган асосий мақсадлардан бири ёшларга халқ дипломатияси моҳиятини тушунтириш, турли мамлакатлар маданияти, анъаналари, дини ва турмуш тарзи ҳақида маълумотлар бериш, қолаверса, эркин ва мустақил фикрлайдиган ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш учун шарт-шароитлар яратишдир.
Бундан ташқари, марказ томонидан COVID-19 га қарши курашда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётган тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот тизими ходимлари, оддий кўнгиллилар ҳақида материаллар тайёрланиб, маҳаллий ва хорижий ОАВда чоп этилмоқда. Хусусан, “Замонамиз қаҳрамонлари” рукни остида берилган мақолаларда ҳамшира Фотима Ҳусанова, профилактика инспектори Отабек Бегматов, кўнгилли Сибел Ризаева, Миллий гвардия сержанти Ҳусниддин Суяровлар ҳақида батафсил сўз юритилган.
Анжуман давомида журналистлар Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ташаббуси билан амалга оширилган яна бир қизиқарли лойиҳадан хабардор бўлди. Марказ ижодий ходимлари томонидан тайёрланган “Саккиз элнинг саксон саккиз эртаги” номли ШҲТга аъзо мамлакатлар халқлари эртаклари, “Саккиз элнинг саксон буюк сиймоси” ва “Саккиз элнинг саккиз мингта ўгити” номли ШҲТ давлатлари буюк олим ва мутафаккирлари ҳақида маълумотлар ҳамда халқ мақол ва маталлари жамланган китоблар, шунингдек, ШҲТга аъзо мамлакатларнинг почта маркалари эсдалик альбоми тақдим этилди.
Бир сўз билан айтганда, ШҲТ давлатлари ва халқлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга йўналтирилган аниқ лойиҳалар минтақавий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, очиқ мулоқот учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади.

 

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА