Ижтимоий ҳимоя учун фақат давлат масъулми?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида “Кучли ижтимоий ҳимоя: нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида ўтказилган республика амалий анжуманида шу савол ўртага ташланди.

Видеоанжуман шаклида бўлиб ўтган тадбирда оиладаги маънавий муҳитни яхшилашда республикамизда мавжуд 9 минг 478 нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари иштирокини янада фаоллаштириш, кенгайтириш масалалари қизғин муҳокама қилинди.

Ҳозирда республикамизда 8 миллион 200 минг оила мавжуд. Кейинги йилларда аҳоли орасида оилавий ажримлар сони камайган бўлса-да, масала долзарблигича қолмоқда. Яъни, қайд қилинган никоҳларнинг 10 фоизи ажрашишлар билан якунланаяпти. Хусусан, ўтган йилда ажрашишлар сони 31,3 мингтани ташкил этиб, 2018 йилдагига (32,3 мингта) нисбатан 3 фоизга камайган. 2020 йилнинг январь-май ойларида эса оилавий ажрашишлар сони 9,4 мингдан ошган.

Маълум қилинишича, оилавий ажрашишларнинг ҳар учтадан биттаси никоҳнинг дастлабки ўн йили ва ундан ортиқ бўлган даврига тўғри келмоқда. Ҳар йили никоҳни бекор қилиш бўйича судларга қилинган мурожаатларнинг ярмидан кўпроғи қаноатлантирилмоқда.

Ўрганиш натижаларига кўра, унинг асосий сабаблари ижтимоий-иқтисодий муаммоларга бориб тақалаётир. Яъни, оиладаги ўзаро муносабатлар, моддий етишмовчилик, уй-жой билан боғлиқ муаммолар, оилавий муносабатларга ота-она ва бошқа қариндошларнинг ноўрин аралашуви, эр ва хотин феълининг ўзаро мос келмаслиги, улардан бири зарарли одатларга ружу қўйиши каби кўплаб сабаблар ажрашишларга олиб келмоқда.

Бугунги кунда кучли ижтимоий ҳимояга эҳтиёж кучаймоқда. Бунда кўплаб вазифаларни бажариш давлат ва жамоат ташкилотлари зиммасидадир. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда ННТлар имкониятидан кенгроқ фойдаланиш зарурати туғилмоқда.

Анжуманда оилаларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш ва барқарорлигини таъминлаш, оиланинг ижтимоий-маънавий муҳитини соғломлаштириш, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий профилактик тадбирларни кучайтириш, ажрашишларнинг олдини олишда ННТлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор масалалар муҳокама этилди.

Никоҳ ва оила масалаларига оид ҳуқуқий тушунтиришлар, диний тарбия шаклланишида давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги, Адлия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий ҳимоя ва оила мустаҳкамлигини таъминлашдаги ўрни, “Ўзингни англа, одоб сақла” рисоласи доирасида ёшларни мустақил ҳаётга тарбиялаш зарур. Зўравонликка учраган аёлларни ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоя қилиш, бошқарувда хотин-қизлар соҳасидаги давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳамкорлигини таъминлаш муҳим. Аҳоли ижтимоий ҳимояси учун давлат, нодавлат ташкилотларнинг барчаси масъул.

 

Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА