Ўзбекистонлик дипломатлар юзлаб ватандошларимиз тўпланиб қолган Оренбург вилоятига етиб боришди

Мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ходимлари маҳаллий ҳукумат билан биргаликда коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб шароитда Ўзбекистон фуқароларини юртга қайтариш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.
Жумладан, Оренбург вилоятида тўпланиб қолган, яъни Қозоғистон орқали уйга қайтиш илинжида чегарани очишларини талаб қилаётган ҳамюртларимиз муаммоси Россия ва Қозоғистон билан келишиляпти.
“Биз юртдошларимизнинг автобусда чегарани кесиб ўтиб, Қозоғистон орқали Ватанимизга қайтиш режалари борлигидан хабардор эдик. Гарчи, бундай йўл тутмасликка чақирсакда, улар бизга қулоқ солишмади. Оқибат — кишиларимиз чегарада тиқилиб қолишди, — дейди элчихона ходими. – Воқеа жойида дипломатларимиз – Ўзбекистон элчихонаси ва Бош консуллиги вакиллари ҳозир бўлишган. Улар Россия ва Қозоғистон ҳукумати билан ҳамкорликда муаммони бартараф этиш чораларини кўришяпти“.
Ўзбекистон ҳукумати томонидан 24 майгача Россиянинг бир қатор шаҳарлари, жумладан Москва, Санкт-Петербург, Ростов, Қозон ва Новосибирскдан ҳаво йўллари орқали фуқароларимизни ватанга қайтариш мақсадида бир неча чартер рейсларини ташкил этиш режалаштирилган. Айни пайт бу режани босқичма-босқич амалга оширишга киришилган.

 

ЎзА