Фарзандларимиз бахтли бўлсин...

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, Нукус шаҳар ҳокимлиги вакиллари Хотира ва қадрлаш куни олдидан Нукус шаҳрида истиқомат қилувчи иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қадирбой Нармановнинг хонадонида бўлиб, байрам совғаларини топширди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 мартдаги ”Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони асосида бугун ҳам сафларимизда туриб, Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш, уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу фармонга мувофиқ, фахрийга 10 000 000 (ўн миллион) сўм миқдорида пул мукофоти, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг “1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги” медаллари, “Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” номли китоб-альбоми, “Ўзбекистонлик Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари” номли китоб ва эсдалик совғалар топширилди. Шунингдек, Шимоли-ғарбий ҳарбий округи, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси, Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан совғалар ҳам берилди.
photo_2020-05-09_12-04-23.jpg
–Биз уруш қатнашчиларига кўрсатаётган алоҳида ғамхўрлиги учун Президентимизга минг раҳмат, – дейди Қадирбой Нарманов. – Осмонимиз очиқ, турмушимиз бундан ҳам фаровон, фарзандларимиз бахтли бўлсин.
Иккинчи жаҳон уруш қатнашчиларининг жасорати ва матонати ҳеч қачон унутилмайди. Уларнинг ҳаёт йўли келгуси авлодга намуна бўлиб қолади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА