1000 нафарга яқин ёшлар ишли бўлди

Қорақалпоғистон Республикасида “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, унга ер майдони ажратилди. Бу кўплаб ёшларни иш билан таъминлаш имконини бермоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижроси доирасида “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамиятига бўш турган ер участкалари ва захира ерлар ажратилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абатбой Данияров. – Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритишга ихтисослашган масъулияти чекланган жамияти устав фондига жами 75 дона ҳар хил турдаги автотранспорт воситаси, қишлоқ хўжалиги техника ва механизмини ажратиш назарда тутилган. Ёшларни иш билан банд қилиш мақсадида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун белгиланган тартибда жами 10 минг гектар ер участкаси, шундан Мўйноқ туманидан 5000 гектар, Қўнғирот туманидан 3000 гектар, Тахтакўпир туманидан 2000 гектар ер майдони ажратиб берилди.
Ажратилган ер майдонларига сабзавот экинларини экиш, иссиқхоналар ташкил этиш ҳамда чорва моллари учун озуқабоп экинларни етиштириш белгиланган. Жумладан, Мўйноқ тумани ҳудудидан ажратилган ер майдонларида 1 гектар иссиқхона ташкил этиш ҳамда 100 гектар майдонда экспортбоп сабзавот, шунингдек, 60 гектар майдонда беда ва озуқабоп экинларини экиш ишлари амалга оширилмоқда. Шуларнинг ҳисобидан бугунги кунга жами 600 нафарга яқин ёш иш билан таъминланди. Улар асосан, агроном, сувчи, тракторчи, юк ва енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчилари, ветеринар ва зоотехник, шунингдек, деҳқончилик билан шуғулланувчи касбларда фаолият олиб бормоқда.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, сектор раҳбарлари, Фавқулодда вазиятлар бўлими билан ҳамкорликда ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ижобий ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хўжайли тумани кенгаши раиси Азиз Худайбергенов. – Туман ҳудудидан “Мўйноқ келажаги бунёдкорлари” масъулияти чекланган жамиятига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 503,4 гектар ер майдани ажратилиб, 50 нафардан зиёд ёшнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Бугунги кунга 70 гектар майдонга турли экинлар экилган бўлиб, 10 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, туман ҳокимининг жорий йил 20 апрелдаги қарори билан Элдаржон Машариповга “Полиз-савзаботчилик қишлоқ хўжалиги” кооперативини ташкил этиш бўйича “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидан 25 гектар ер майдони ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни касбга ўргатиш ва иш билан таъминлашга қаратилган ташаббуси жойларда қўллаб-қувватланмоқда. Қарор ижросини таъминлаш доирасида Оролбўйи қолган туманларининг ҳар биридан 500 гектар ер майдони ажратилиб, ёшларнинг бандлиги таъминланмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА