“Тахиатош ИЭС”​ Ўзбекистон иқтисодиётига ўз улушини қўшади​

​Фармон ва ижро 

Мамлакатимизда тождор вирус билан курашиш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда. Шундай вазиятга қарамасдан, республикамиз ҳудудларидаги корхоналар ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасидаги “Тахиатош ИЭС” акциядорлик жамияти ҳам карантин ҳолатида барча зарур талаблар асосида аҳолига намунали хизмат кўрсатмоқда.

photo5233251151930044105.jpg“Тахиатош ИЭС” акциядорлик жамияти бош директори Фахриддин ХАЛИЛАЕВ ЎзА мухбирига корхонада ташкил этилган бу борадаги тартиб-талаблар хусусида сўзлаб берди:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 19 мартда «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

1870526f-ab18-4932-85bd-7f60606242fb.jpg

Унга кўра, саноат корхоналарининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш чора-тадбирлари ижросини батафсил муҳокама қилиш ҳамда уларнинг натижаларига кўра юзага келадиган масала ва муаммоларни бартараф этиш белгиланган.

Шу талаблар асосида “Тахиатош ИЭС” акциядорлик жамиятида ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, гигиеник-санитария ҳолатини янада яхшилаш, касалликка шубҳа қилинган шахсларни ўз вақтида аниқлаш ва касаллик тарқалиши олдини олиш мақсадида корхонадаги назорат ўтиш жойларида қатъий назорат ўрнатилган хамда корхона объектларида мунтазам дезинфекциялаш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, карантин вақтида фуқароларга ноқулайликлар туғдирмаслик мақсадида ахоли ва саноат корхонларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш бўйича ҳам чоралар кўрилмоқда.

Қуввати 630 МВт бўлган “Тахиатош ИЭС” АЖ йилига 3 миллиард кВт.соатдан ортиқ электр энергия ишлаб чиқаради. У Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини узлуксиз электр энергия билан таъминлайди.

8a720b58-eb1a-4b63-913f-2feb6e341f00.jpg

Корхонада 800 нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилади. Жамоанинг асосий мақсади ҳам мавжуд вазиятга қарамасдан ишни давом эттириш ва Ўзбекистон иқтисодиётига ўз улушини қўшишдир. Улар карантин қоидаларига риоя килган ҳолда ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да иш олиб бормоқда. Мавжуд ҳолатдан келиб, корхонанинг оператив ходимлар иш режими 2020 йил 6 апрелдан бошлаб тасдиқланган график асосида 12 соатлик иш режимига ўтказилди. Станция ҳудудига кириб чиқувчи шахсларни мумкин қадар қисқартириш ва бунинг натижасида касаллик тарқалиши хавфини камайтириш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартиблар жорий этилган. Унга мувофиқ, цех ва бўлимларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда 270 ишчи-ходимни меҳнат таътилига чиқариш ҳамда айримларини масофавий иш жараёнига ўтказиш амалга оширилди. Ишлаб чиқариш бўйича зарур бўлган масалалар мумкин қадар масофадан туриб, телефон алоқаси ва интернет тизими орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Гарчи, карантин бизни эҳтиёткорликка ундаган бўлса-да, иш унумимизга сира таъсир қилгани йўқ. Боиси, биз аввалгидек бир маромда ва режа бўйича ишларимизни давом эттирмоқдамиз. Бундан бир неча кун олдин Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаш мақсадида 3 апрель куни “Тахиатош ИЭС”да янги 280 МВт қувватдаги дастлабки буғ-газ комбинацияланган цикл ишлаб чиқариш қурилмаси ишга туширилди. Иккинчи буғ-газ қурилмаси бўйича ишлар режа асосида давом эттирилмоқда.

Мазкур йирик инвестицион лойиҳа мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Тахиатош ИЭСда 230-280 МВт қувватга эга иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ бажарилмоқда. Лойиҳа замонавий илғор технологиялар асосида Жанубий Кореянинг “Hyundai Engineering” ва “Hyundai Engineering & Construction” компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА